Тадбиркорларга етказилаётган зарарлар бартараф этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш масаласида кўпгина ижобий натижаларга эришмоқда.
Хусусан, вакилга “BG” масъулияти чекланган жамияти раҳбари мурожаат йўллаб, жамиятга тегишли нотурар бинога нисбатан асоссиз тарзда таъсирчан солиқ механизми қўлланиб келинаётганидан норози эканини билдирган.
Ўрганиш давомида жамият бир неча бор Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига мурожаат йўллаган бўлса-да, масала ўз ечимини топмай келаётгани маълум бўлди. Бинога нисбатан Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш ва ишга тушириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан берилган хулосага асосан солиқ идоралари томонидан таъсирчан солиқ механизми қўлланиб келинаётгани аниқланди.
Объект қонуний талаблар асосида туман ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан қайта хатловдан ўтказилди.
Натижада “Тайёр текстиль маҳсулотлари дўкони” фаолияти ташкил этилгани, 1 миллиард сўмга яқин инвестиция маблағлари тўлиқ жалб қилингани ҳамда ўндан ортиқ янги иш ўрни яратилгани аниқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори асосида бинога нисбатан қўлланилган таъсирчан солиқ механизмини тўхтатиш юзасидан ишчи гуруҳ хулосаси қабул қилинди. Қўлланилган таъсирчан солиқ механизми асосида юзага келган 1 миллиард 187 миллион 210 минг сўм солиқ суммаси бекор қилинди.
Худди шундай ҳолат “EB” масъулияти чекланган жамияти томонидан йўлланган мурожаатда ҳам акс этган бўлиб, жамиятга тегишли нотурар бинога нисбатан Яшнобод тумани ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳ хулосаси асосида солиқ идоралари томонидан таъсирчан солиқ механизми қўлланиб келинган.
Мазкур ҳолатда ҳам Вакил девони ходимларининг қонуний аралашувидан сўнг объектда қайта хатлов ўтказилди. Бино тўлиқ фойдаланишга топширилгани, ўнга яқин янги иш ўрни яратилгани хусусида ишчи гуруҳнинг тегишли хулосаси қабул қилинди.
Натижада жамиятга нисбатан қўлланилган таъсирчан солиқ механизми орқали юзага келган 104 миллион 943 минг сўмлик таъсирчан солиқ суммаси олиб ташланди.
Бундан ташқари, Вакил девонида “RES” масъулияти чекланган жамиятининг мурожаати ўрганиб чиқиш давомида жамиятга қўшимча қиймат солиғини қайтариш учун солиқ идораларига қилган мурожаатлари ўрганилмасдан қолдирилаётгани маълум қилинди. Талаб этилган барча асослантирувчи ҳужжатлар жорий йилнинг январь ойида солиқ идораларига тақдим этилган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар масала кўриб чиқилмагани ҳамда тадбиркорга тегишли маблағ қайтарилмаганидан норози эканини билдирган.
Мурожаатни ўрганиш давомида солиқ идоралари билан ўтказилган музокаралар ва тадбиркорлик субъектини қонуний манфаатларида қўйилган талаблар натижасида жамиятга 5 миллиард сўм қўшимча қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш мақсадга мувофиқлиги юзасидан Тошкент шаҳар давлат содиқ бошқармасининг хулосаси қабул қилинди. Жамият ҳисоб рақамига ушбу маблағ тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Баҳром Бобомуродов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини
ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори.
ЎзА