Тадбиркорларга давлат мукофотлари топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 августда қабул қилинган “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишига асосан юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, янги ва истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш, ўзининг ташаббускорлиги, замонавий билим ва тажрибасини намоён этиб, инвестицияларни жалб қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатишни янада кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида алоҳида жонбозлик кўрсатаётган фидойи ишбилармонлар давлатимизнинг юксак орден, медаль ва нишонларига муносиб кўрилди.
Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да бўлиб ўтган байрам тадбирида Наманган вилоятидан давлат мукофотларига муносиб кўрилган уч нафар ҳамюртимизга орден ва медаллар, саккиз нафар ишбилармонга “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тантанавор руҳда тақдим қилинди. Тадбирда қатнашган Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов соҳа жонкуярларини яқинлашиб келаётган “20 август – Тадбиркорлар куни” билан табриклаб, республикамизнинг саноат ва бизнес марказига айланган Наманган вилояти ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хусусий тадбиркорликнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.
[gallery-18746]
Эътироф этилганидек, ҳозирги кунда Наманганда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони 38 мингдан зиёд бўлиб, уларда иш билан таъминланганлар сони эса 500 минг кишини ташкил этмоқда. Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб асос солинган кичик саноат зоналари сони эса 73 тага етди. Вилоят ялпи ишлаб чиқаришида хусусий секторнинг улуши 46,5 фоиздан ортди.
– Тадбиркор – элга мададкор. Бу сўз бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўз ифодасини топмоқда. Бунинг замирида, аввало, давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратаётган юксак эътибори, кейинги йилларда қабул қилинаётган қатор фармон-қарорлар билан яратиб берилаётган қулайлик ва имтиёзлар самараси мужассам, – дейди Чуст туманидаги “Наманган цемент” масъулияти чекланган жамият директори Рашид Муродов. – 2017 йилда барпо этилган ушбу корхона йиллик 800 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулот нафақат ички бозор, балки Марказий Осиё бозоридаги эҳтиёжларни ҳам қондиришга хизмат қилмоқда.
Маросимда сўзга чиққан тадбиркорлар кўрсатилган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат учун миннатдорлик изҳор этди. Тадбир “Шодиёна” тантаналар мажмуасида уюштирилган байрам дастурхони атрофида давом этди.
Оқилхон Дадабоев, Хотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.