Тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда
Божхона қўмитаси Марказий аппарати таркибий тузилма бошлиқлари ҳудудларга чиқиб, турли божхона постлари ва ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи корхоналарнинг муаммоларини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, қўмитанинг Ташкилий-назорат, хизмат фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш бошқармаси бошлиғи А.Асомов Навоий вилоятида бўлди. Божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов билан бирга “Навоий аэропорти” чегара божхона постининг “Карго” юк терминали, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳамда Хатирчи туманида жойлашган корхоналар фаолияти ва уларнинг муаммолари ўрганилди.

Дастлаб мутасаддилар “Telecom Devices Pro” МЧЖ ва “HP INVEST CORM” МЧЖ корхоналарида бўлиб, маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнининг бориши, уларни экспортга тайёрлаш босқичлари билан яқиндан танишдилар.
Ўрганиш давомида корхоналар вакилларига Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони билан хориждан импорт қилинадиган хомашё ва материалларни қайта ишлаш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулайликлар, товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштириш тартиби, ушбу хизматдан фойдаланилганда божхона тўловлари ундирилмаслиги ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаслиги тўғрисида тушунчалар берилди.

“HP INVEST CORM” МЧЖ ташқи савдо операциялари ҳажми бўйича Хатирчи туманида етакчи корхоналардан бири бўлиб, корхона ҳудудида очиқ турдаги божхона омборини очиш учун қулай шароитлар яратилган.
Корхона раҳбари билан учрашувда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги “Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги ва 2020 йил 9 апрелдаги “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорларида белгиланган талабларни бажариш орқали “ваколатли иқтисодий оператор” мақомини олган ҳолда товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда соддалаштирилган тартибдан фойдаланиш, шунингдек, туманда фаолият олиб борувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун зарур бўлган очиқ турдаги божхона омборини очиш бўйича йўналишлар берилди.

Бундан ташқари, А.Асомов “Навоий” халқаро аэропортининг юк терминалида курьерлик ташкилотлари томонидан фуқаролар номига олиб келинаётган жўнатмаларни божхона назоратидан ўтказиш жараёнида ҳам бевосита иштирок этиб, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди. Мазкур масалаларни ҳал қилиш бўйича зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

А.Бўриев, ЎзА