Тадбиркорлар ва аҳолининг муаммолари ўрганилди
Хоразм вилояти ҳокими тадбиркорлар ҳамда аҳоли билан бевосита ва очик мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва жойида бартараф этиш мақсадида навбатдаги сайёр кабулларини ўтказди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда, хусусан, Хоразм вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, реал даромадини ошириш ва бандлигини таъминлашга муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.
Урганч шаҳрида бўлиб ўтган қабулда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган тадбиркорларнинг таклифлари, фаолиятларини янада ривожлантиришга тўсиқ бўлиб турган муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.
Хусусан, хонқалик тадбиркор Нишонбек Искандаров қуёш панелларини ўрнатиш билан шуғулланади. Шу кунларда у ўз бизнесини янада кенгайтирмоқчи. Бироқ буни амалга ошириш учун унга бироз кўмак керак. Тадбиркор ўз муаммосини ечишда ёрдам сўраб вилоятнинг биринчи раҳбарига мурожаат қилди.
–Хонқа туманида Шовот канали бўйида бир кунда уч юз кишига хизмат кўрсатадиган дам олиш маскани қуриб, кемада сайр қилиш, катта ва кичик инсонлар учун бассейнлар, овқатланиш шохобчаларини ташкил қилмоқчиман, – дейди тадбиркор Нишонбек Искандаров. – Ҳокимни ўз бизнес лойиҳам билан таништирдим. Лойиҳам ишга тушса, 15 та юртдошимиз иш билан таъминланади. Жўрабек Раҳимов безнес режамни маъқуллади. У тегишли раҳбарларга топшириқлар берди. Лойиҳам амалга ошса, халқимизга сидқидилдан хизмат кўрсатишга тайёрмиз.
Қабул давомида янги бизнес лойиҳаларни молиялаштириш, кредит тўловлари билан боғлиқ яна бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Мавжуд муаммолар тегишли соҳа масъуллари иштирокида ўрганилиб, амалий ёрдам бериш чора-тадбирлари белгиланди.
Навбатдаги қабул манзили Хонқа туманидаги Эзгулик маҳалласи бўлди. Вилоятнинг биринчи раҳбари бу ерда ҳам фуқаролар муаммоларини ўрганиш, уларнинг турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида сайёр қабул ўтказди.
Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган фуқароларнинг талаб ва таклифлари, ариза ва шикоятлари ўрганилди.
Мавжуд муаммоларнинг аксарияти дахлдор идоралар, туман ва шаҳар ҳокимликлари вакиллари иштирокида ўрганилиб, амалий ёрдам бериш чоралари кўрилди.
– Қурувчининг айби билан биз истиқомат қилаётган кўп қаватли уйнинг кадастр ҳужжатларида ҳатолик вужудга келган, – дейди урганчлик Дилфуза Отаниёзова.–Натижада уйимизни газ тармоғига улаб беришмади. Мана кунлар совиб, қиш яқинлашмоқда. Биз эса ёш болаларимиз билан совуқ хоналарда ўтирибмиз. Вилоят ҳокимидан ёрдам сўрадик. У киши зудлик билан раҳбарларни йиғиб, шу ернинг ўзида тегишли чораларни кўришни бошлади. Бизга қайғураётганлари учун барча хонадон эгалари номидан минатдорчилик билдираман.
[gallery-26391]
Сайёр қабул давомида муаммолир ечимидан ташқари кўплаб фуқароларга уларни қизиқтираётган масалалар бўйича ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар ҳам берилди.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, халқнинг дарду ташвишларини ўз вақтида ўрганиб, ижобий ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб улгурди. Сайёр қабуллар эса жойларда муаммолар ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА