Тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратилмоқда
Тадбиркорлик – иқтисодий тараққиётни ҳаракатга келтирадиган куч. Янги корхона, янги лойиҳа, янги иш ўрни ортида бир инсоннинг ташаббуси, оиласининг эртанги куни ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти мужассам. Шу боис тадбиркорга ишлаш учун қанчалик қулай муҳит яратилса, унинг ташаббуси ҳам шунчалик эркин қанот ёзади.
Жиззах вилоят солиқ бошқармасида ўтказилган семинарда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шу нуқтаи назардан кенг муҳокама қилинди. Унда солиқ соҳаси вакиллари, судьялар ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, янги тартибларнинг мазмун-моҳияти юзасидан фикр алмашилди.
Фармоннинг эътиборга молик жиҳати шундаки, унда тадбиркорга яна бир бор “назорат қилинадиган субъект” сифатида эмас, иқтисодий ўсишнинг муҳим таянчи сифатида қараш устувор вазифага айлантирилган. Хусусан, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йил муддатга мораторий жорий этилган. Жиноят ишлари, инсон саломатлиги, меҳнат қонунчилиги, фуқаролар мурожаатлари ва айрим қонунда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно, албатта. Бу эса тадбиркорнинг ҳар бир кунини текширув хавотирида эмас, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш режалари билан ўтказишига хизмат қилиши керак.

Янги ёндашувнинг яна бир муҳим томони тадбиркорнинг хатосини дарҳол жазога айлантириш эмас, уни тўғри йўлга қайтаришга устувор аҳамият берилганидир. Биринчи марта содир этилган қоидабузарликларда камчиликни бартараф этиш учун муддат берилиши, айрим жарималар миқдорининг камайтирилиши шу мақсадга қаратилган.
Солиқ мажбуриятларини бажаришда ҳам тадбиркор учун қўшимча имкониятлар яратилмоқда. Фармонда 2026 йил 1 сентябрдан 31 декабрга қадар мавжуд солиқ қарздорлиги тўлиқ тўланган тақдирда ҳисобланган пеняларни бекор қилиш белгиланган. Бу енгиллик, аввало, қарздорликни бартараф этиб, фаолиятини қонуний ва барқарор давом эттиришни истаган тадбиркор учун муҳим рағбатдир.

Тадбиркорлик муҳитини енгиллаштириш фақат солиқ масалалари билан чекланмайди. Коммунал хизматлар бўйича олдиндан тўлов миқдорининг 15 фоиз этиб белгиланиши, нақд пулдаги ҳисоб-китоблар чегарасининг базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваригача оширилиши ҳам бизнес юритишдаги айрим маъмурий ва молиявий юкни камайтиришга қаратилган.
Энг муҳими, давлат органи билан тадбиркор ўртасидаги муносабатларда “тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” принципи мустаҳкамланди. Яъни давлат органи аксини исботламагунига қадар тадбиркор қонун доирасида ҳаракат қилган, деб қаралади. Бу норма тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш билан бирга, давлат идораларининг ҳам масъулиятини оширади.

Фармонда тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, стартапларни рағбатлантириш, инновацион лойиҳаларга сармоя жалб этиш, туризм ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам янги механизмлар назарда тутилган. Жумладан, “Келажак тадбиркори” дастури доирасида устувор йўналишларда стартап лойиҳаларини молиялаштириш, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” орқали қўшимча молиявий кўмак бериш белгиланган.
Бу имкониятлар Жиззах учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш, туризм ва экспорт йўналишларида тадбиркорлик фаоллиги тобора кенгайиб бормоқда. Аввалги очиқ мулоқотларда билдирилган таклифлар асосида инфратузилма, электр таъминоти ва янги лойиҳалар билан боғлиқ масалаларга ечим изланаётгани ҳам бу жараённинг амалий кўринишидир.

Бугун тадбиркор учун яратилган ҳар бир енгиллик эртанги янги лойиҳа, янги иш ўрни, янги маҳсулот ва янги бозорга чиқиш имкониятидир. Демак, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 августдаги юқорида номи зикр этилган фармонининг моҳиятини бир жумлада ифодалайдиган бўлсак, гап тадбиркорга имтиёз беришнинг ўзида эмас, унинг ишлаши, ўсиши ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун ишончли муҳит яратишда.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири