Тадбиркорлар учун 2026 йил якунигача иқтисодий амнистия эълон қилинди
Президентнинг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бизнес ва давлат муносабатларида муҳим ҳуқуқий кафолатларни белгилади. Ҳужжат тадбиркорлик эркинлигини ҳимоя қилиш, назоратни мақбуллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган.
Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилди ҳамда 2026 йил якунига қадар «Иккинчи имконият» иқтисодий амнистияси эълон қилинди. Бу чоралар Президентнинг юқорида номи зикр этилган фармони билан мустаҳкамланиб, тадбиркорлар билан ўтказилган VI очиқ мулоқотда кўтарилган эди. Мазкур фармон ўшанда тадбиркорлар томонидан қайд этилган 14 мингга яқин мурожаат ечимига қаратилган. Мурожаатларда бизнес вакилларини қийнаётган тизимли муаммолар ҳамда таклифлар ўз ифодасини топди. Уларнинг ечими Президентнинг фармонида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Фармонга мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилди. Бироқ жиноят ишлари доирасидаги текширувлар бундан мустасно. Инсон соғлиғига таъсирни ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилишини текшириш ҳам истисно ҳисобланади. Фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш ва корхонани тугатиш билан боғлиқ текширувлар ҳам сақланиб қолади.
Мораторий даврида ноқонуний текширувлар учун масъул шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Бизнес-омбудсман ташаббуси билан «Самарали назорат» тадбири ҳам ўтказилади. Унда назорат органларининг сўнгги уч йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда ўрганилади. Аниқланган қонунбузилишлар бўйича тегишли чоралар кўрилади. Ҳуқуқлари бузилган тадбиркорларнинг манфаатларини тиклаш ҳам назарда тутилган.

Ислоҳотларнинг амалий натижалари Жиззах вилояти мисолида яққол намоён бўлмоқда. Бизнес-омбудсманнинг «Ягона давлат назорати» ахборот тизими маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 28 августидан 20 ноябрига қадар 1285 та текширув ташаббус қилинган. 2026 йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 723 тани ташкил этган. Натижада тадбиркорлик субъектларида текширувлар қарийб 45 фоизга камайган.
2027 йил 1 январдан назорат тизимида қўшимча енгилликлар кучга киради. Биринчи марта қоидабузарлик содир этган тадбиркорга дарҳол молиявий жарима қўлланмайди. Агар фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва ўзгалар мулкига зарар етказилмаган бўлса, тадбиркорга фақат огоҳлантириш берилади. Камчиликларни бартараф этиш учун эса ўн кун муддат ажратилади.
Шунингдек, йил давомида такрорий текширувлар Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказилади. Камерал солиқ текширувлари ушбу тартибдан мустасно. Ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий солиқ аудити тажрибаси жорий этилади. Бу механизм 2027 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабргача амал қилади. Аниқланган камчиликлар 30 кун ичида бартараф этилса, молиявий жарималар қўлланмайди.

Фармонда тадбиркорларнинг молиявий юкини камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 2026 йил 31 декабрга қадар «Иккинчи имконият» иқтисодий амнистияси эълон қилинди. Ушбу имконият кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига тааллуқлидир.
Солиқ қарзи белгиланган муддатда тўлиқ тўланса, ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади. Бунда ижро ишлари ҳам тугатилади. Солиқ ҳисоботига мустақил тузатиш киритиб, қўшимча солиқ ўз вақтида тўланса, пеня ҳисобланмайди. Мустақил равишда хатоларини тузатган тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги баллари пасайтирилмайди.
2026 йил 1 январга қадар шаклланган айрим тўланмаган жарималар ҳам ҳисобдан чиқарилади. Илгари расмийлаштирилган меҳнат шартномаларини Ягона миллий меҳнат тизимига кечиктириб киритиш учун жарима қўлланмайди.
2026 йил 1 ноябрдан энергия таъминоти бўйича ҳам енгилликлар амал қила бошлади. Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига (ЭҲНАТ ва ТГНҲАТ) уланган тадбиркорлар учун олдиндан тўлов миқдори 15 фоиз этиб белгиланди. Бу тартиб масофадан бошқариладиган ҳисоблагичларга эга субъектларга татбиқ этилади. Сўнгги икки ойда тўлов интизомига риоя қилмаганлар бундан мустасно. Электр ва газ сарфи бўйича ёзма ҳисобот топшириш мажбурияти бекор қилинди. Шартномаларни қоғоз шаклида расмийлаштириш тартиби ҳам тугатилди.

Фармондаги энг муҳим кафолатлардан бири «тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси»дир. У давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги оммавий ҳуқуқий муносабатларда амал қилади. Эндиликда тадбиркорнинг қонунга мувофиқ ҳаракат қилгани асос қилиб олинади. Давлат органи эса ўз қарорининг қонунийлиги ва асослилигини исботлаши шарт. Қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган ноаниқликлар тадбиркор фойдасига талқин қилинади.
Маъмурий суд давлат органига қарорни қайта кўриб чиқиш мажбуриятини юклаши мумкин. Бундай ҳолатда қарор тадбиркор аҳволини оғирлаштирмаслиги шарт. Давлат органи суд қарори кучга кирганидан кейин 30 кун ичида қайта кўриб чиқиши лозим.
Мазкур кафолатлар тадбиркорлик эркинлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, давлат назорати қонунийлик ва масъулият тамойилларига таяниши мустаҳкамланмоқда. Бу эса ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодий фаолликни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шоҳрух Ғайиров,
Бизнес-омбудсман девони
Жиззах вилоят шуъбаси масъул ходими.
ЎзА