Тадбиркорлар таклифлари ўрганилмоқда
Ҳар йили август ойининг 20 санасида “Тадбиркорлар куни” муносабати билан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ўтказиш анъанага айланган. Айни вақтда ҳудудларда жорий йилда бўлажак навбатдаги учрашувдан олдин қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилиб, тадбиркорлик субъектларининг таклиф ва ташаббуслари ўрганилмоқда.
Жумладан, Наманган шаҳридаги “Мономарказ” биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони масъул ходимлари томонидан назорат қилувчи органлар, шаҳар, туман ҳокимликлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.

Мулоқот аввалида, Президентимизнинг 2022 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини кўриб чиқишда мазкур фармон талабларига қатъий риоя қилиш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, йиғилиш қатнашчиларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти юзасидан тушунчалар берилди, бизнес вакилларининг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.
Бизнес-Омбудсман Наманган вилояти шўъбаси томонидан вилоят солиқ бошқармаси ва Янгиқўрғон туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган учрашувда ҳам ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантириб турган долзарб масалаларга эътибор қаратилди. Ўн бешдан ортиқ тадбиркорларнинг солиқ, ер, кредит, текширувлар сингари муҳим масалаларда таклиф ва муаммолари тингланди.

Учрашувларда эшитилган ҳар бир мурожаат назорат ва ўрганиш учун қабул қилиниб, билдирилган таклифлар кейинчалик амалиётга татбиқ этиш юзасидан чоралар белгиланди.
Маълумот ўрнида, Бизнес-Омбудсман девонига 2023 йилнинг ўтган даврида Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларидан 411 мурожаат келиб тушган. Шундан 359 таси, яъни 80 фоизи ижобий ҳал этилган. Жумладан, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали 300 нафарга яқин тадбиркорнинг мурожаатлари ваколатли ташкилотларга ижро учун йўналтирилиб, назоратга олинган ҳолда ижроси таъминланди.
Ўрганишлар ва таҳлил натижаларида аниқланган камчиликлар юзасидан 136 таъсир чораси қўлланилди. Хусусан, 122 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Ташкилот ва идораларга қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 4 та тақдимнома, 6 та огоҳлантириш киритилди. Қолаверса, судларга тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб, умумий қиймати 500 миллион сўмдан ортиқ 4 та даъво аризаси киритилиб, ишбилармонларнинг манфаатлари тўлақонли таъминланди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА