Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатимизда босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, хусусан, кичик бизнес вакилларини ялпи миллий маҳсулотларнинг яратилишида етакчи ўрин эгаллаш учун бир қатор самарали лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Партиянинг “Депутат ва тадбиркор мулоқот форуми” лойиҳаси ҳам ҳудудларда тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари, оилавий тадбиркорлар, ўз фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшлар ва аёлларнинг самарали бизнесларини йўлга қўйишда кўмакчи бўлмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак томонидан лойиҳа доирасида ташкил этилган навбатдаги мулоқот Оққўрғон туманида ўтказилди. Унда Халқ депутатлари Оққўрғон туман Кенгашидаги партия депутатлари, тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари, оилавий тадбиркорлар, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ва партия фаоллари қатнашди.

Очиқ мулоқот руҳида кечган форумда депутат ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, унинг сир-асрорлари, соҳанинг ҳуқуқий асослари борасида атрофлича маълумот ва тавсиялар берди. Юртимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ёшларга касб танлашда кўмак бериш, уларни бизнесга йўналтириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бахтли ҳаёт қуришлари учун замин яратилаётганини таъкидлади.

– Оққўрғонликлар билан ташкил этилган мулоқот форумидан умидимиз катта, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак. – Бу ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга зарурий маълумот ва билимларни бериш, муаммоларига биргаликда ижобий ечим топишни мақсад этганмиз. Биз ҳозир уларга тўғри йўналиш берсак, улар эртага, албатта, юртимизга нафи тегадиган салоҳиятли тадбиркор бўлади.

– Тенгдошларим тадбиркор бўлишда керак бўлган фойдали билимларга эга бўлди, – дейди “Ёшлик” МФЙ ёшлар етакчиси Маъруфжон Йўлдошев. – Бу каби форумларда ёшларнинг иштирок этиши, тадбиркорлар сафи кенгайишига, бу билан маҳалларимиздаги аҳолининг турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

Самимий мулоқотга бой тарзда ўтган форум якунида ёшлар вилоят ва республика миқёсида самарали фаолият юритиб келаётган илғор тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг бой тажрибалари билан яқиндан танишиш имкониятини яратиб бергани учун партия ва депутатга ўз миннатдорликларини билдирди.
А.Мусаев, ЎзА