Тадбиркорлар муаммоси самарали ҳал этилмоқда
Мулоқотда Тошкент вилояти, хусусан Бўстонлиқ туманида туризм, балиқчилик, асаларичиликни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада тадбиркорлик субъектлари олдида пайдо бўлаётган муаммоларни самарали ҳал этиш мақсадида вилоят тадбиркорлари билан мулоқот қилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишича, қабул давомида тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммолар, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги масалалар юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилишди.
Мулоқотда Тошкент вилояти, хусусан Бўстонлиқ туманида туризм, балиқчилик, асаларичиликни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Масалан, тадбиркор Баҳодир Мирабдуллаевнинг Писком ҳудудида гулмоҳи (фарел) балиғини замонавий технология асосида етиштириш бўйича лойиҳаси, аниқ ҳамкорлари, шартномалари бор.

Бироқ, лойиҳага зарур миқдорда ер ажратилмагани оқибатида тадбиркор бугунги кунда сарсон бўляпти. Лойиҳада кўзда тутилган ер бўйича тегишли идоралардан ижобий хулосалар мавжуд.
Рустам Холматовнинг топшириғига мувофиқ, ушбу мурожаат шу жойнинг ўзида тадбиркор фойдасига ижобий ҳал этилди. Бу борада тадбиркорга ер ажратиш бўйича туман ҳокимининг қарори чиқадиган бўлди. Тадбиркор томонидан ажратилиши режалаштирилган ерда 80 та мини бассейн қурилади.
Вилоят ҳокимининг тадбиркорлар билан мулоқоти чоғида ана шундай кўплаб истиқболли лойиҳалар муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларни ечиш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли вазифалар берилди.