Тадбиркорлар муаммолари ўрганилмоқда
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи И.Ғуломов воҳадаги озиқ-овқат саноати корхоналарида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишмоқда. Тадбиркорларнинг келгуси режаларини тинглаб, муаммоларини ўрганмоқда.
Термиз шаҳрида музқаймоқ ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқараётган “Saidjon Muhammadjon muzqaymoqlari” масъулияти чекланган жамияти билан танишувда корхона раҳбарлари янги лойиҳаларини тақдим этди. Унга кўра, жорий йилнинг тўртинчи чорагида бу ерда сариёғ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг учун 2,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, хорижнинг замонавий ускуналари ўрнатилади. Лойиҳа ишга тушгач, йилига 1 минг 500 тонна сариёғ ишлаб чиқариб, 25 кишининг бандлигини таъминлайди.


Янги лойиҳа қўллаб-қувватланиб, тадбиркорларга "Божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режими қулайликлари ҳақида атрофлича маълумот ҳам берилди.
Термиз шаҳридаги "Brighty mega water" масъулияти чекланган жамияти газланган ва табиий шарбат ишлаб чиқаради. Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ушбу корхонада ҳам бўлиб, тадбиркорнинг ютуқ ва муаммолари билан қизиқди. Янги лойиҳаси билан танишди.

Корхона айни пайтда салқин кофе маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган қиймати 400 минг долларлик лойиҳани амалга оширмоқда. Йил якунигача янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, қўшимча 20 та иш ўрни яратилади.


Самимий мулоқотлар чоғида тадбиркорлар озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди. Ютуқларидан қувониб, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашаётган раҳбарлар хизматини эътироф этди. Божхона соҳасида берилаётган имтиёз ва енгилликлар уларнинг фаолиятини кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.


Вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг ҳудудлардаги саноат корхоналари муаммоларини ўрганишга қаратилган учрашувлари давом этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири