“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев жиззахлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Тадбирда бизнес вакилларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Тадбиркорлар фаолиятида дуч келаётган муаммоларга имкон қадар жойида қонуний ечим топилди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев тадбиркорлар ва уларга кўрсатилаётган солиқ хизматлари сифати билан танишиб, ишбилармонлар фаолияти давомида дуч келаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб келмоқда. Бу галги учрашувда Жиззах вилояти тадбиркорлари муаммолари тингланди. Учрашувда тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жиззах вилоятида ҳам сўнгги йилларда саноат, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 22 мингга яқин кичик ва ўрта бизнес вакиллари фаолият юритмоқда. Учрашувда тадбиркорлар томонидан билдирилган солиқ қарздорлиги ва солиқ текширувлари натижасида қўлланилган молиявий жаримани йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш, эски даврлар учун хато юборилган электрон ҳисоб-фактуралар ва онлайн назорат касса машиналари чекларини тузатиш, ортиқча солиқ тўловлар амалга оширилгани, солиқ имтиёзлари ҳисобини юритиш мақсадида ишлаб чиқилган “E-imtiyoz” дастуридан фойдаланиш билан боғлиқ мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Айрим масалаларни тизимли ҳал этиш бўйича солиқ органлари мутасаддиларига аниқ топшириқлар берилди.
[gallery-9682]
– Менга таниш бир тадбиркор яқинда пенсияга чиқди, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Одил Ҳамроев. – Унга бор йўғи 750 минг сўм пенсия тайинланди. Мен 1997 йилдан буён якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Яна 5-6 йилдан сўнг пенсияга чиқаман. Демак менга ҳам шу миқдорда пенсия тайинланса керак, бу жуда кам эмасми? ЯТТларга пенсия тайинлаш қоидаларини қайта кўриб чиқиш таклифини киритдим. Шерзод Кудбиев ушбу таклифимни мутасадди вазирликларга жўнатишини, худо хоҳласа ушбу масала ижобий ҳал этилишини таъкидлади.
Эътиборлиси, ушбу мулоқот давомида Жиззах вилояти бизнес вакиллари фаолиятида дуч келаётган солиқ тизимига оид масалаларнинг 75 фоизи шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. 15 фоиз мурожаатчиларга кўтарган масалалари юзасидан солиқ қонунчилиги бўйича батафсил тушунча ва маслаҳатлар берилди, таклифлари ёзиб олинди ҳамда мутасадди идораларга тақдим этилиши айтилди. 2 фоиз мурожаатчи томонидан кўтарилган масалада эса уларнинг ўзлари айбдор эканлиги аниқ факт ва рақамлар орқали шу жойнинг ўзида исботлаб берилди. Қолган масалалар юзасидан Давлат солиқ қўмитаси вакилларига, Жиззахда хизмат сафарини давом эттириб, масала ижобий ҳал этилгандан кейин Тошкентга қайтишлари мумкинлиги юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Куннинг иккинчи ярмида Давлат солиқ қўмитаси раиси Жиззах вилояти солиқ хизмати ходимлари билан учрашув ўтказди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА