Президентимизнинг жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Элёр Толлиев Оқдарё туманида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда вилоят бўйича 32 мингта тадбиркорлик субъекти томонидан ер солиғи, мол-мулк солиғи,қўшимча қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқлардан 1 миллиард 896,7 миллион сўмлик солиқ имтиёзларидан, Оқдарё туманида эса 2 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари 85 миллион сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.
– Бундан олти йил аввал банкдан 25 миллион сўм кредит олиб бир дўстим билан фаолият бошлагандим, – дейди "OK FABRIC" хусусий корхонаси раҳбари Баҳодир Эргашев. – Ҳозир 40 нафарга яқин йигит-қизни иш билан таъминлаганман. 6 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарамиз. “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида ўтказилаётган очиқ мулоқотларда тадбиркорлар ўз муаммоларини тўғридан-тўғри раҳбарга етказмоқда. Фаолияти давомида юзага келаётган масалалар бўйича таклифларини билдиришаяпди. Шунингдек, бир қатор номинацияларда тадбиркорлар эътироф этилмоқда.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботларини топшириш, барқарорлик рейтинги, ортиқча тўловни қайтариш, солиқ қарзини ундиришда енгиллик бериш тўғрисидаги мурожаатлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари