Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳридаги “Камалак Шабнам текс” корхонасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида учрашув ўтказди.
Тадбирда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 30 га яқин тадбиркорларнинг таклифлари, фаолиятини янада ривожлантиришга тўсиқ бўлиб турган муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди. Шунингдек, кредит ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, коммунал хизматлар таъминотини яхшилаш бўйича келиб тушган қатор мурожаатлар ўз ечимини топди.

Учрашувда янги замонавий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудуднинг фойдаланилмаётган иқтисодий имкониятларини ишга солиш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Ботир Зарипов учрашувда кўтарилган муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилишини, Бухоро вилояти иқтисодиётининг барқарор ривожланишида ишбилармон доира вакилларининг ўрни бениҳоя катта эканини алоҳида таъкидлади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.