Тадбиркорлар билан навбатдаги учрашув ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида бир қатор муҳим вазифалар ва режаларга тўхталиб ўтган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари А.Икрамов бошчилигида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шаҳар ва туманларда ташкил этилган студияларда ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Савдо-саноат палатаси вакиллари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва ҳокимликлар, идора ва ташкилотлар ва тижорат банклари раҳбарлари, тадбиркорлар қатнашди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ўтказган очиқ мулоқоти тадбиркорларга бир қанча енгилликлар яратиб берди. Мол-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробар камайтирилиб, ернинг турига қараб, унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ерлар имтиёзли шартлар асосида ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилади. Тадбиркорлар ердан юқори ликвидли актив ва гаров объекти сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бундай янгиликлар тадбиркорларимиз узоқ йиллар кутган тарихий кунга айланди.
Юк автомобилларини олиб киришга 2 йил аввал божхона имтиёзлари берилгани, лекин бу имтиёз 4 ойдан кейин тугашини инобатга олиб, имтиёзларни яна 3 йилга узайтириш бўйича янги қарор имзолангани, тадбиркорларга темир йўл вагонларини олиб келишга берилган имтиёзлар 2025 йил 1 январгача узайтирилганлиги алоҳида қайд этилди. Ҳозир 30 турдаги лицензия ва рухсатнома “онлайн” тарзда бериб келинмоқда ва келгуси йилдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар “онлайн” тарзда расмийлаштирилиб, жорий йил якунига қадар лицензия ёки рухсатномалар сони яна камида 30 фоизга қисқартирилади. Савдо-саноат палатасига тадбиркорнинг розилиги билан барча текширишларда иштирок этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ваколати берилди. Президентимиз томонидан 20 август мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиниши тадбиркорларга қаратилган алоҳида эътибор ифодаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар ва инвесторлар билан очиқ мулоқотида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси ва бошқа масъул идоралар билан биргаликда тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича республика штабига Қорақалпоғистон Республикасидан 575 тамурожаат келиб тушган, шундан 563 таси бажарилган.
Энг долзарб муаммоларни тизимлаштириб, уларни ҳал этишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилгани, бу борада бир қатор имкониятлар, қулайликлар яратилиши белгилангани тадбиркорларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар учун шароитлар яратиш борасидаги таклиф ва ташаббуслари тадбиркорларни янада руҳлантирди.
Учрашувда Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш борасида белгилаб берилган йўналишлар бўйича имкониятларини ишга солиб, ўз тадбиркорлигини ривожлантиришни ният қилган бир қатор тадбиркорлар сўзга чиқиб, ўз таклифларини билдирди.
[gallery-3552]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА