Шаҳрихон тумани йилдан-йилга юксалиб бораётган Андижоннинг энг обод гўшаларидан бири ҳисобланади.
Айни пайтда 300 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган туманда ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Шаҳрихон азал-азалдан ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти, деб эътироф этилади. Ҳақиқатдан ҳам Шаҳрихонда тадбиркорлик кенг қулоч ёйган, айниқса, ҳунармандлик йўналишида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Бу албатта, туман иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг ўз даромад манбаига эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Кейинги йилларда бутун юртимизда бўлгани каби Шаҳрихонда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада янги-янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга тушаётир. Айниқса, оилавий тадбиркорлик, томорқадан унумли фойдаланиш борасида юқори натижаларга эришилмоқда.
– Айни пайтда туманда 2 минг 149 та кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари Тўлқинжон Эргашев. – Улардан 669 таси саноат, 792 таси савдо ва хизмат кўрсатиш, 233 таси қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик, 229 таси қурилиш йўналишларида иш олиб боради. Туман иқтисодиётининг ана шу йўналишларида айнан кичик ва хусусий бизнес субъектлари, тадбиркорларнинг улуши салмоқли ўрин тутади.
Туманда қулай бизнес муҳитини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самараси ўлароқ, биргина жорий йилнинг ўтган даврида 571 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, уларнинг ҳисобига 1 минг 543 та янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда туманда жуда кўп корхоналар самарали фаолият олиб бормоқда. Улардан бири Бўстон маҳалласида жойлашган “Qobulov Business Futurc” масъулияти чекланган жамиятидир. Ёш тадбиркор Абдулҳамид Тоҳиров раҳбарлик қилаётган мазкур жамият жорий йилнинг март ойида ташкил этилган. Ҳозирда корхонада аёллар, болалар ва эркаклар учун 20 дан ортиқ турдаги сифатли ва бежирим трикотаж, шунингдек, қурилиш маҳсулотлари тайёрланади.
– Ҳозирча маҳсулотларимиз ички бозорда сотилмоқда, – дейди корхона раҳбари А. Тоҳиров. – Лекин асосий мақсадимиз, келгусида маҳсулотларимизни экспорт қилиш. Айни пайтда бу бўйича хорижлик ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Корхонада ҳозирда 100 нафар ишчи-хизматчи, асосан, маҳалланинг қиз-аёллари меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур барча шароитлар яратилган.
– Корхона ташкил этилган кундан буён шу ерда ишлайман, – дейди бичувчи Камолахон Нуралиева. – Корхонамизда аёллар учун дам олиш хонаси, бепул тушлик ташкил этилган. Бундан ташқари, ишчиларимизни ишга келиб-кетишлари учун транспорт ҳам йўлга қўйилган. Ойлик иш ҳақларимиз ўз вақтида берилади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, туманда тикувчи ва тўқувчи мутахассисларга эҳтиёж катта. Чунки бир сменада 300 нафар ишчи ишлаши мумкин бўлган мазкур корхонада 100 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Тумандаги бошқа турдош корхоналарда ҳам шу каби муаммони учратиш мумкин.
Ана шундан келиб чиқиб, туман ҳокимлиги томонидан касб-ҳунари бўлмаган аҳоли, уюшмаган ёшларни турли йўналишлардаги касбларга ўқитиш йўлга қўйилди. Шаҳрихон касб-ҳунар марказида 12 та мутахассислик йўналиши бўйича касбга ўргатиш курслари ташкил этилиб, курсларни муваффақиятли тамомлаганларга тегишли тартибда сертификатлар берилмоқда.
[gallery-1950]
Ваҳм маҳалласидаги “Invest hamkor biznes” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, тадбиркор Алижон Анваржонов 1 гектар майдонда гидропоника усулида иссиқхона ташкил этган. Мазкур иссиқхонада хориж технологияси асосида “фонтина” навли бодринг етиштириш йўлга қўйилган.
– Бодринг ниҳолларини парваришлаш, суғориш, кўчатларни турли ўғитлар билан озиқлантириш ишлари тўла компьютер ёрдамида бажарилади, – дейди иссиқхона иш юритувчиси Анваржон Саримсоқов. – Бу сифатли ва мўл ҳосил олиш, иш унумдорлигининг юқори бўлишини таъминлайди. Энг асосийси, иссиқхонада етиштирилаётган бодринг йилнинг барча фаслида ҳам бозорлар тўкинлигини таъминлаб, халқимиз дастурхонини безаб туради.
Бунинг ортидан келаётган даромад ҳам ёмон эмас. Олинаётган даромад ҳисобига тадбиркор иссиқхонани кенгайтириш ҳаракатида. Қолаверса, иссиқхонада меҳнат қилаётган 10 дан ортиқ киши ҳам шу иш ортидан яхшигина иш хақи олиб, оилалари фаровонлигини таъминламоқда.
Маълумки, Шаҳрихонда ҳунармандчилик анча ривожланган. Пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш сингари қатор ҳунармандлик йўналишларида юқорида таъкидлаганимиздек ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Ҳунари ортидан даромад топиб, ўзи, қолаверса, юртни бой қилаётган ҳунармандлар жуда кўп.
Дўппидўз, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Ёрқиной Тўйчиевани туманда барча танийди. Чунки у қўли гул дўппидўз, ўзи тайёрлаган ранг-баранг дўппилари билан Шаҳрихон довруғини бутун юртга ёймоқда. Энг асосийси, юзлаб ёшларга ҳунар ўргатиб, ҳунармандлар, тадбиркорлар сафини кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
– Мен ўз хонадонимда тикувчилик билан шуғулланаман, – дейди Шаҳрихон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мадинахон Оталиқова. – Икки нафар шогирдим билан иш юритаман, асосан аёллар либосларини тикиб сотамиз. Фаолиятимни кенгайтириш мақсадида кредит олдим. Энди мен маҳалламиздаги ишсиз ёшлардан яна икки нафарини шогирд қилиб ёнимга оламан. Уларга ҳунар ўргатаман, тикувчилик билан мустақил шуғулланишлари, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларига ёрдам бераман.
Туманда ёшлар, аёллар ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида ана шу йўналишларда ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадидаги тадбиркорлар ҳамда ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган 795 нафар фуқарога банклар томонидан 10 миллиард 373 миллион сўм миқдорида кредит ажратилганлиги мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.
Муллабой маҳалласида яшовчи Мақсадбек Турғунов ўз хонадонида косибчиликни йўлга қўйган, ярим тайёр пойабзал маҳсулотлари тайёрлайди. Унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6,8 миллион сўм кредит ажратилиб, унга зарур тикув дастгоҳлари олиб берилди. Эндиликда у даромадини ошириш имконига эга бўлди, қолаверса, шогирдлар олиб, уларга ўз ҳунарини ўргатади.
– Иссиқхона қуриб тадбиркорлик қилишни мақсад қилган эдим, – дейди Марказ маҳалласида яшовчи, ёш тадбиркор Сардорбек Тоштемиров. –“Микрокредитбанк”нинг Шаҳрихон филиалидан ажратилган 26 миллион сўм кредит ҳисобига "Шерқўрғон томорқа хизмати" МЧЖ томонидан хонадонимдаги 4 сотих майдонга иссиқхона қуриб берилди. Ҳозирда помидори кўчатлари экиб, парвариш қиляпмиз. Энг асосийси, иссиқхонада ўзим билан бирга икки нафар тенгдошим ҳам доимий иш ўрнига эга бўлди.
– Туманимизда “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш бўйича ўтказилган ўрганишлар давомида 2 минг 240 нафар ёшлар кредит олиб, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган, – дейди Ёшлар агентлиги туман бўлими раҳбари Иқболжон Худойбердиев. – Улардан 169 нафари банклар томонидан тақдим этилган 4 миллиард 639 миллион сўм кредит ҳисобига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Бундан ташқари, 2 минг 570 нафар ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиш учун 10 сотихдан ер ажратиб берилди. Эндиликда улар ана шу ерларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш орқали даромад топиш имконига эга бўлди.
Шаҳрихон туманидаги 76 маҳаллада 45 минг 930 та хонадон бўлиб, уларга тегишли 2 минг 857 гектар томорқа ер майдони мавжуд. Шу кунларда тумандаги қатор маҳаллаларда экин экилмаган томорқа қолгани йўқ. Умуман, Шаҳрихонда томорқадан унумли ва самарали фойдаланиш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Аксарият фуқаролар томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олган. Айниқса, Найнаво, Вахм, Бўстон, Юзлаб, Қўрғонча, Найман, Сегаза, Қумкўча, Сўзоқ сингари маҳаллаларда бу борадаги ишлар намунали йўлга қўйилган.
Айни кунда томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олаётган оилалар жуда кўп. Энг муҳими, томорқаларда етиштирилаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхонининг мўл-кўллигини таъминламоқда.
Бир сўз билан айтганда, туманда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланиб, нафақат ўзини, балки юртни бой қилаётган тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бу албатта, юртимиз тараққиётини, халқимиз турмуш фаровонлиги янада юксалишига хизмат қилади.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА