Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси кичик бизнес вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг самарали лойиҳаларини амалга оширишига кўмаклашмоқда.
Хусусан, Ангрен шаҳрида партия ташаббуси билан “Тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам” ва “Фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳуқуқий ёрдам” акциялари доирасида кенг қамровли очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Атхам Назирқулов, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Бахтиёр Руҳитдинов, ЎзЛиДеП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев, ҳудудий адлия, банклар шаҳар бўлимларининг мутасадди ва раҳбарлари, савдо-саноат палатаси ва бандлик идоралари мутасаддилари, партия фаоллари ҳамда 100 нафардан ортиқ тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.

Мулоқотни ташкил этишдан кўзланган мақсад тадбиркорлар ва фермерларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий соҳаларда дуч келаётган реал муаммоларини тинглаш, уларни жойида ҳал этиш, шунингдек, тизимли ечимлар ишлаб чиқиш ва амалий ёрдам беришдир.

– Бундай учрашувлар жойларда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва янги қонунчилик ташаббусларини шакллантириш учун асос бўлади. Зотан, тадбиркорларнинг самарали фаолияти мамлакатимиз иқтисодиётининг асосидир. Шу мақсадда Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ушбу ташаббусни бошладик, – дейди партия Тошкент вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев.

Очиқ мулоқотда асосий эътибор тадбиркорлар ва фермерларнинг фаолиятида учраётган ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилотчиликка оид муаммоларни аниқлаш, уларга амалий ва ҳуқуқий кўмак кўрсатишга қаратилди. Тадбир иштирокчилари томонидан кўтарилган масалалар жойида ҳал этишга ҳаракат қилинди. Айрим муаммолар юзасидан депутатлик сўровлари тайёрланди ва тегишли ташкилотларга мурожаат йўллаш белгиланди.

Айниқса, балиқчилик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам бериш, ер ажратишдаги кечикишлар, банклар билан ҳисоб-китобдаги мураккабликлар, солиқ тизимидаги тушунмовчиликлар бўйича мурожаатлар кўп бўлди. Фермерлар эса сув таъминоти, агротехника масалалари, меҳнат ресурслари билан боғлиқ муаммоларни кўтарди.
Учрашув натижалари асосида аниқланган тизимли муаммолар рўйхати шакллантирилиб, уларни бартараф этиш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.
А.Мусаев, ЎзА.