
Тадбиркорлик субъектларини текшириш масаласи илгари энг оғриқли мавзулардан бири эди. Текшир-текширдан безор бўлмаган тадбиркорнинг ўзи йўқ эди. “Тадбиркор – соғин сигир эмас”, деб кўп бонг урилган.
Бугун эса текширишлар кескин камайтирилди. Шунинг учун ҳам бу мавзу деярли гапирилмай, ёзилмай қўйди. Бироқ, афсуски, текширишдан жабр чекаётган соҳа вакиллари ҳали ҳам бор экан.
Хусусан, кафе, бар, ресторан каби умумий овқатланиш шохобчалари турли текширишлардан азият чекаётгани маълум бўлди.
Ҳозирда умумий овқатланиш корхоналарини ўндан ортиқ давлат идоралари (солиқ, ёнғин назорати, санитария назорати, меҳнат, ички ишлар органлари, коммунал хизматларни кўрсатувчи корхоналар ва ҳ.к.) доимий безовта қилади.
Уларни энг кўп текширувчи 3 та идора (солиқ, ёнғин назорати, санитария назорати) томонидан 2020-2021 йилларда 8 мингга яқин текшириш ўтказилган. Яъни, ҳар йили ўртача 14,5 фоиз умумий овқатланиш корхоналари текширилган.
Бу Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорларнинг умумий овқатланиш соҳасидаги фаолияти бўйича ўтказган сўровда маълум бўлди.
Бундан ташқари, ноқонуний текширишлар ҳам айнан ушбу тармоқда кўпроқ рўй бермоқда. Сўровда иштирок этган корхоналар вакиллари, яъни 2,1 минг респондент ҳар ойда деярли 5,5 мингта текшириш ўтказилганлигини таъкидлаган.
Тадбиркорлар энг кўп текшириш солиқ органлари томонидан амалга оширилишини, санитария ва ёнғин назорати ҳамда ички ишлар органлари ҳам текширишни канда қилмаслигини билдирган.
Респондентларнинг 26,4 фоизи (905 нафар) солиқ, 20,3 фоизи (697 нафар) санитария ва 11,3 фоизи (387 нафар) ёнғин назорати органларида коррупция ҳолатларига дуч келганини, шунингдек, коррупциянинг энг кўп тарқалган тури давлат органлари ходимларига бепул хизмат кўрсатиш эканлигини таъкидлаган.
Бунинг устига текширишларда коррупция ҳолатлари йўқ эмас. Фаолиятга оид қонун-қоидалар мураккаб ва текширувчилар кўп бўлиши коррупцияга йўл очиб бермоқда.
Умуман, ўрганиш давомида давлат идораларининг статистик ва бошқа маълумотлари ва 2,1 мингдан ортиқ умумий овқатланиш корхоналари вакиллари ўртасида ўтказилган сўров натижалари кўриб чиқилганда соҳага оид бошқа қатор муаммолар ҳам борлиги аниқланди.
Жумладан, соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ва қоидалар эскирган. Бизнес юритиш амалиётига мос келмайди. Масалан, ресторан тозалаш, таъмирлаш ва шу каби ишлар учун ёпилишидан бир ҳафта олдин бу ҳақда эълон осиб қўйиш керак. Буни бажармаса 2 миллион сўм жаримага тортилади.
Умумий овқатланиш хизматига оид санитария норма ва қоидалари ҳам замон талабларига мос келмайди. Оқибатда қоидаларнинг 20 тасига риоя этиш имконсиз бўлиб қолган.
Жумладан, таомларни кўмир, ўтин, қаттиқ ёқилғида ишлайдиган плиталарда пишириш мумкин эмас. Ваҳоланки, қиш мавсумида газ таъминоти етишмаганда мазкур талабга риоя қилиб бўлмайди.
Яна бир муаммо бу – тармоққа тушаётган солиқ юки ва мураккаб солиқ маъмуриятчилигидир. Умумий овқатланиш корхоналари 7-9 турдаги солиқларни тўлайди. Жумладан, айланмадан олинадиган солиқ (товар айланмаси 1 миллиард сўмгача), қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, ижтимоий солиқ, даромад солиғи (солиқ агенти сифатида), мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи мавжуд шохобчаларда эса бунга алоҳида йиғим ундирилади.
Солиқ юкининг юқорилиги эса умумий овқатланиш корхоналарининг 61 фоизини солиқдан қочишга ундамоқда.
Шунингдек, кўп солиқлар тўлаш ўз-ўзидан улар билан боғлиқ солиқ маъмуриятчилигини ҳам мураккаблаштирмоқда. Корхона 6 хил вақтда солиқларни тўлаши ва 5 хил вақтда солиқ ҳисоботларини тақдим этиши лозим. Шу сабабли, умумий овқатланиш хизматлари фаолиятини бошлашда респондентларнинг деярли 1/3 қисми солиқ қонунчилигини тушуниб олишда қийналишган.
Мазкур омиллар эса, ўз навбатида, соҳадаги яширин иқтисодиётнинг улуши юқори (30-40 фоиз) бўлишига олиб келмоқда.
Инфратузилма объектларига уланиш ва уларда бўладиган узилишлар салмоғи ҳам кўп.
Яъни 63,4 фоиз умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини бошлашда инфратузилма объектлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келган.
Таъминотдаги узилишлар ҳам улар учун одатий ҳол бўлиб қолмоқда. Жумладан, респондентларнинг 36,3 фоизи (766 нафари) сув таъминотида, 35,2 фоизи (742 нафари) газ таъминотида, 28,5 фоизи (602 нафари) электр таъминотида қийинчиликларга йўлиқмоқда.
Солиқдан қочиш ёки фаолиятдаги мураккабликлар учун ҳам тармоқ вакиллари ишчиларни норасмий ёллашга ҳаракат қилади. Ресторан, кафе ва ошхоналарда ошпаз, официант, фаррош каби ишчиларни меҳнат шартномаси тузмасдан оғзаки келишув билан ишга олиш ҳолатлари кўп учрайди.
Умумий овқатланиш корхоналарида 300 мингдан ортиқ одам ишласа, уларнинг 200 мингдан кўпи норасмий банд бўлиб, бу ҳолат корхона учун жаримага сабаб бўлади. Ишчи учун меҳнат ҳуқуқлари кафолатланмайди ва давлат учун ижтимоий ва даромад солиқлари тушмайди, яъни манфаат олиб келмайди.
Жумладан, сўровда иштирок этган корхоналар ўз ишчиларига ойига ўртача 1,8 миллион сўм иш ҳақи тўлаб келаётганини маълум қилган. Бу улардаги норасмий бандлик туфайли давлат бюджетига 1,6 триллион сўм (ижтимоий ва даромад солиқлари) пул тушмасдан келаётганини билдиради.
Баён этилганлар асосий муаммолар ҳисобланиб, бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналар олдида яна бошқа тўсиқлар ҳам бор. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари учун нақд пулга бўлган эҳтиёж, ижара харажатлари ва ҳ.к.).
Мазкур муаммолар соҳанинг тўлиқ потенциал билан ривожланишига салбий таъсир этиб келмоқда. Шу билан бирга, туризм соҳасида катта марраларни олдимизга қўймоқдамиз. Умумий овқатланиш хизматларининг сифати ва ривожланганлиги хорижлик сайёҳларни албатта эътиборини жалб этади. Умумий овқатланиш соҳасидаги мавжуд муаммолар эса “занжир эффекти” билан туризмнинг ривожини ҳам секинлаштиради.
Шу сабабли Адлия вазирлиги томонидан ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга тақдим этилди.
Ўз навбатида, Адлия вазирлиги тадбиркорлар ва фуқароларни ушбу соҳага оид муаммолар тўғрисидаги маълумотларни ва соҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар билдиришга чақирди.
Норгул Абдураимова, ЎзА