Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, оилаларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ташаббуслар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир туман ҳокимлиги ҳамда “Халқ банки”нинг Сардоба туман бўлими ташаббуси билан ўтказилди.
Пресс-турнинг асосий мақсади — дастур ижроси жараёнида аҳоли турмуш тарзида юзага келаётган ижобий ўзгаришлар, банк кўмагида амалга оширилаётган самарали лойиҳалар билан журналистларни яқиндан таништиришдан иборат бўлди.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён туманда 403 нафар фуқарога 7 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилган. Умумий ҳисобда эса 2024 йилнинг ўтган даврида 820 нафар фуқаро 15 миллиард сўмдан зиёд миқдорда кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ёки кенгайтирган.

“Халқ банки” туман бўлими масъулларининг таъкидлашича, ҳар бир лойиҳага индивидуал ёндашув, молиявий назорат ва масъулиятли муносабат талаб этилади. Банк фаолияти фақатгина молиявий маблағ ажратиш билан чекланмасдан, кредитларнинг мақсадли ва самарали йўналтирилишини таъминлашни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Пресс-тур иштирокчилари энг аввало Бўстон маҳалласида бўлишди. У ерда истиқомат қилувчи Зебо Нуралиева 2023 йилда “Халқ банки”дан 10 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, тикувчилик фаолиятини бошлаган. Келгуси йилда эса 25 миллион сўмлик қўшимча кредит орқали ишлаб чиқариш кўламини кенгайтирган. Бугунги кунда у нафақат ўз оиласи учун барқарор даромад манбаи яратган, балки 4 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаган. Ёш шогирдларни ўқитиш орқали эса тадбиркорликни янада ривожлантиришни мақсад қилган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда банклар фақат молиявий хизмат кўрсатувчи муассасалар эмас, балки жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида муҳим ўрин тутувчи тузилмалар сифатида фаолият юритмоқда. Пресс-тур давомида банклар томонидан аҳолига кредитлардан ташқари маслаҳат, рағбат ва ишонч ҳам тақдим этилаётгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, молиявий саводхонликни оширишга қаратилган ўқув курслари, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий фаолият ҳамда маҳаллаларда олиб борилаётган тушунтириш ишлари ҳақида журналистларга батафсил маълумот берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири