Тадбиркор хотин-қизлар сафи кенгаймоқда
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Андижон вилоятида ҳам мазкур ҳужжат ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан,аёллар фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, оилавий бизнес, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ҳамда уларнинг бошланғич ташкилотлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятдаги тадбиркор, ҳунарманд ва касаначи хотин-қизлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётир. Вилоят ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Ҳунарманд” уюшмаси, Савдо-саноат палатасининг вилоят бўлимлари, солиқ инспекциялари, банклар, хотин-қизлар қўмиталари ҳамкорлигида уларнинг самарали иш олиб бориши учун барча зарур шароит яратиб берилмоқда.
Оилавий бизнесни ташкил этиш, тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тадбиркорлик борасидаги билим ва малакасини ошириш мақсадида давра суҳбати ва семинарлар ўтказилмоқда. Уларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, мазкур йўналишда иш бошлаш арафасида турган опа-сингилларимизга бизнесни ташкил этиш, ҳужжат юритиш, солиқ имтиёзлари, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан мутахассислар кўмагида зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
– Бундай тадбирлар туфайли тажрибам ортди, билимим бойиди, – дейди Асака тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи Гулнора Эргашева. – Бунинг самарасида ўзим яшаётган маҳаллада тикувчилик корхонаси ташкил этиб, аёлларнинг замонавий ва миллий либосларини тикишни йўлга қўйдим. Ҳозир корхонамизда бир неча тенгдошим меҳнат қилади, маҳсулотларимиз ички бозорда харидоргир.
Ўтган йили вилоятда хотин-қизлар учун яратилган 40 минг 147 иш ўрнининг асосий қисми айнан оилавий бизнесни ташкил этиш, тадбиркорлик, касаначилик ҳамда уй меҳнатининг турли шаклларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш ҳисобидан очилди.
– 2014 йилда тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун турли манбалар ҳисобидан 90 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. – Бу ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди, кредитлар эвазига кўплаб хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун ажратилаётган кредитлар миқдори йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2008 йилда берилган кредитлар миқдори 10 миллиард 827 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич қарийб 9 баробарга ўсди. Бу хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожига кўрсатилаётган эътибор намунасидир.
– 2009 йилда ташкил этилган жамиятимиз оилавий тадбиркорлик корхонаси сифатида ўн нафар ишчи билан фаолият бошлаган эди, – дейди Қўрғонтепа туманидаги “Karital bella” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Муҳаббат Йўлдошева. – Изланиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш натижасида корхонамизда катта ўзгаришлар юз берди. “Агробанк”нинг туман бўлимидан олинган 180 миллион сўм кредит ҳисобига хориждан ўттизта замонавий тикув дастгоҳи келтириб ўрнатилди. Натижада корхона фаолияти кенгайди, тайёрланаётган маҳсулотлар тури ва ишлаб чиқариш ҳажми ошди.
Бу каби ўзгаришларни Андижон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Шоира Исроилова раҳбарлигидаги “UPM-textile”, Санобар Носирова бошчилигида Қўрғонтепада иш олиб бораётган “Ягона ҳамкор нури” масъулияти чекланган жамиятлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Вилоятда касаначилик, “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунармандликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўплаб уй бекалари, ҳунар ўрганиш истагидаги ёш қизлар шу асосда ҳунар ўрганиб, оилаларига қўшимча даромад келтирмоқда.
Избосканлик Ирода Абдураззоқова кўрпа, чойшаб, пар ёстиқ, ёстиқ жилдлари, болалар учун юмшоқ ўйинчоқлар тайёрлайдиган моҳир ҳунармандлардан. Ўз хонадонида цех ташкил этиб, кўп йиллардан буён ёш қизларга “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўргатиб келмоқда. Ундан ҳунар ўрганган ёшлар эндиликда мустақил иш юритиб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшмоқда. Айни пайтда 50 дан зиёд уй бекасини касаначилик асосида ишга жалб этган.
– Устозим Ирода опадан ҳунар ўрганиб, уйимда касаначи сифатида иш олиб боряпман, – дейди Избоскан тумани Қашқарлик маҳалласида яшовчи Лайло Солиева. – Шу орқали оиламга озми-кўпми даромад келтираётганимдан жуда хурсандман.
Вилоятда ёш қизлар, хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирларда битирувчиларнинг банклар, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлимлари мутахассислари билан мулоқотлари уюштирилиб, уларга ишга жойлашиш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш ва кредит олиш сингари масалалар юзасидан кенг маълумотлар берилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган битирувчиларнинг банкдан имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди.
– Ўтган йили коллежимиз маъмурияти ва Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси кўмагида “Микрокредитбанк”нинг вилоят бўлимидан 2 миллион 800 минг сўм имтиёзли кредит олиб, тадбиркорликни бошладим, – дейди Андижон индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилафрўз Аъзамжонова. – Кредит ҳисобига янги дастгоҳлар сотиб олдик. Айни пайтда икки нафар тенгдошим билан аёллар ва болаларнинг мавсумий либосларини тайёрлаяпмиз.
Мухтасар айтганда, Андижон вилоятида оилавий бизнесни йўлга қўйиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳаётимиз гултожи бўлган опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки, ўрни ва мавқеини янада оширишга хизмат қилмоқда.