Тадбиркор хотин-қизлар қўллаб-қувватланмоқда
Пойтахтимизда Ўзбекистон Марказий банки томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда банкларнинг ўрнига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Марказий банки томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда банкларнинг ўрнига бағишланган йиғилиш ўтказилди.Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўрни тобора юксалаётгани, тадбиркор аёлларнинг иқтисодий жараёнлардаги фаоллиги ошаётгани алоҳида қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар кўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 35, фермерларнинг 10 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Тадбиркорлик субъектларини микрокредитлашга оид меъёрий-ҳуқуқий база яратилгани тадбиркор аёллар фаолиятини ривожлантириш учун зарур молиявий ресурсларни ажратишда қўл келмоқда.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Марказий банк ҳамкорлигида қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, аёллар тадбиркорлигининг барча шаклларини ривожлантириш, молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий билимларини ошириш, хорижий тажрибалар билан танишиш ҳамда тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари эвазига тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
– 2014 йилда тадбиркор аёлларга салкам бир триллион сўмга яқин кредитлар ажратилиб, 2013 йилга нисбатан қарийб 1,4 баробарга ўсиш таъминланди, – дейди Марказий банкнинг тижорат банкларининг кредитлаш портфелини мониторинг қилиш департаменти директори ўринбосари Зафар Азимов. – Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилаётган мазкур кредит маблағлари эвазига минглаб хотин-қизлар ўз бизнесига эга бўлиб, оилаларнинг турмуши фаровонлиги ошмоқда. Тижорат банклари мазкур маблағларни ажратишда қишлоқ жойларида аёллар бошқараётган, уларнинг меҳнатидан фойдаланилаётган кичик корхоналарни ривожлантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни рағбатлантириш, касаначилик ва янги иш ўринларини яратишига қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йилда ҳам ушбу йўналишларга бир триллион сўмдан зиёд кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.
2014 йилда тижорат банклари аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш учун ҳам сармоялар йўналтирди. Жумладан, маҳаллий уй-рўзғор буюмлари харид қилиш учун 57 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Шунингдек, «Қорақалпоқ аёлларининг иқтисодий билимларини ҳаётга кенг татбиқ этиш» лойиҳаси доирасида «Тикозек», «Бозатау», «Мадели» қишлоқ фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган 110 нафар аёлга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун банк томонидан 220 миллион сўм миқдорида бошланғич кредит ажратилди.
Тадбирда тижорат банкларининг тадбиркор хотин-қизларнинг бизнес режаларини молиялаштиришдаги ўрни, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижроси ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида иштироки юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.