Тадбиркор бой бўлса – халқ ҳам бой бўлади
Қорақалпоғистон Республикасида биринчи ярим йилликда 193,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги товар экспорт қилинган.
Мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси унда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган товарларнинг экспортга йўналтирилиши, импортнинг оптималлашуви, тадбиркорлик субъектларининг тараққиёти билан узвий боғлиқдир.
Иқтисодиёт бўғинлари жадал тусда ривожланаётган бугунги кунда кичик ва катта бизнеснинг фаолиятига, шу жумладан, экспорт-импорт амалиётларига йўллар кенг очилган. Дунё бозорларига ўз маҳсулотларини олиб чиқаётган ва ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар импортини амалга оширишда божхона органлари тадбиркорлик субъектлари учун таянч вазифасини бажармоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 193,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар “экспорт” божхона режимига расмийлаштирилган. Бу эса ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар, ип-калава, фармацевтика, кимё саноати, артемия цистаси, мева-сабзавот маҳсулотларининг Туркия, Хитой, Латвия, Россия, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби бир қатор давлатларнинг бозорларидан жой олишига замин яратди.
Ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси 310 миллион АҚШ долларни ташкил қилган бўлиб, шундан 37 фоизи яъни 116,8 миллион АҚШ доллари қийматидаги товар импорт божхона режимига расмийлаштирилган. Мамлакатимизда янги иш ўринларининг яратилиши ва аҳолининг фаровон турмуш тарзининг таъминланишида тадбиркорлик субъектларининг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга шароитлар яратиш мақсадида божхона тўловларидан тақдим этилаётган имтиёзлар, хусусан, божхона божининг ноль ва пасайтирилган ставкада қўлланилиши, преференция ва субсидияларнинг ажратилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг янада ривожланиб, ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига туртки бўлмоқда.
2022 йил бошидан ўтган давр мобайнида биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларидан қарийиб 182 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловидан имтиёз ва преференциялар қўлланилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан берилган имтиёзлар миқдори – 89 миллиард сўмга ёки 95,8 фоизга ошди.
Ўз фискал вазифасини бажариш доирасида бошқарма томонидан жорий йилнинг биринчи ярми давомида давлат бюджетига 256 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилди. Ҳисобот даврида ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан жами 8726 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлиб, шундан, 5746 таси ёки 65,8 фоиз декларация орқали товарлар экспортга йўналтирилган бўлса, 2980 та яъни 34,2 фоизи божхона юк декларациялари орқали импорт товарлар расмийлаштирилди.

Расмийлаштирилган божхона юк декларацияларининг қарийиб 60 фоизи хавфларни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали “яшил” йўлакка йўналтирилган бўлиб, уларга нисбатан божхона назоратининг божхона кўриги шакли амалга оширилмади. Шунингдек, 28 фоиз божхона юк декларацияси соддалаштирилган тартиб ҳисобланувчи “сариқ” йўлакка йўналтирилган бўлса, “қизил” йўлакка тушган 12 фоиз товарларга нисбатан божхона кўриги амалга оширилди.
Божхона амалиётларининг рақамлаштирилиши, соҳада инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши натижасида иш самарадорлиги ортиб, божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товарларнинг фақатгина 12 фоизига нисбатан божхона назорати шакли қўлланилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси тадбиркорлик субъектларининг вақт сарфи ва пул ҳаражатларининг тежалишига, бунинг натижасида республикамиз ташқи савдо айланмасининг ортишига хизмат қилади. Зеро, тадбиркор бой бўлса –халқ ҳам бой бўлади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири