Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади
Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган бир қанча лойиҳалар билан танишмоқда.
Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган бир қанча лойиҳалар билан танишмоқда.Давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳридаги “Бухоро бриллиант силк” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида бўлди.
2010 йилда ташкил этилган, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган корхонада пилла қайта ишланиб, турли ўлчам, кўриниш ва рангдаги матолар тайёрланмоқда. Бунда буюртмачи таклифи ва бозор талаби асосида иш тутилмоқда. Ҳозир бу ерда “Баҳор”, “Ёмғир”, “Юлдузлар” каби ўнлаб кўринишдаги матолар ишлаб чиқарилмоқда. Матога босилган гулларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг ранги ўчмайди, сув ва қуёш нурига чидамли.
Ипак матолар экологик тоза, ҳар қандай иқлимга мос. Маҳсулот буюртма асосида Фарғона, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги харидорларга етказиб берилмоқда. Тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилаётир.
Айни пайтда “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонасининг ипак толалари хорижда харидоргир. Ўтган йили корхонанинг Эрон, Вьетнам, Туркия, Ҳиндистонга қилган экспорт ҳажми қарийб 2,5 миллион долларга тенг бўлди.
Президентимиз корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди.
Бундай корхоналарни кўпайтиришимиз керак, деди Президентимиз. Бу корхоналар учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш лозимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев шу ерда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорик жамияти томонидан собиқ “Бухоротекс” АЖ негизида ташкил этиладиган “Индорама Индаст ЛТД” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишди. Бухоро вилоятида етиштирилган пахта толасини қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхона ишга тушгач 400 га яқин иш ўрни яратилади. Корхонага “Ритер” компаниясининг (Швейцария) замонавий ва энергиятежамкор технологияларини ўрнатиш кўзда тутилган.
Бугун мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида пахтани қайта ишлайдиган замонавий корхоналар ташкил этилмоқда. Бу ҳудудда етиштирилган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Президентимиз “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан 2017-2018 йилларда Бухоро вилоятида пахта толасини қайта ишлаш дастури лойиҳаси билан ҳам танишди.
Бугун Бухорода етиштирилаётган пахта толасининг 20,6 фоизи вилоят ҳудудида саноат усулида қайта ишланмоқда. Ишлаб чиқилаётган янги лойиҳа бўйича вилоятнинг 7 шаҳар ва туманида 13 йирик саноат лойиҳасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу вилоятда етиштирилган пахта толасининг 65 фоизини қайта ишлаш имкониятини яратади. Натижада 5 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Дастурни бажариш учун мамлакатимиз тижорат банклари маблағлари ва чет эл инвестициясини жалб қилиш режалаштирилган.
Ердан унумли фойдаланиш натижасида тутзорлар барпо этиш бўйича янги лойиҳа тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Юртимизда етиштирилган ипак толасига дунё бозорида талаб юқори. Давлатимиз раҳбари мазкур соҳани янада ривожлантириш, тут плантацияларини кўпайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларида қишлоқ хўжалигининг биз янги ўзлаштираётган соҳалари бўйича мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш керак.
Бухоро шаҳрида ишга туширилаётган “Бухоро коттон текстиль” корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда етиштирилган пахтани тола кўринишида сотиш энг кам даромад келтиришини, пахта толасини қайта ишлаб, экспортбоп тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришимиз зарурлигини таъкидлади.
1000 кишининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган корхонада 6,5 минг тонна ип-калава, 10 минг квадрат метр газлама (жинси) ва 1,5 миллион дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Президентимизга Олот туманидаги “Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти, Пешку туманидаги ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўп тармоқли корхона, Бухоро шаҳрида пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб оладиган пахта-тўқимачилик кластери тузиш, табиий ва кимёвий толалардан интеграция асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.