Тадбиркор аёлларга кўмакдош
Мамлакатимизда тадбиркор аёлларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилгани уларнинг ишбилармонлик ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, оиласи ва жамиятимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Мамлакатимизда тадбиркор аёлларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилгани уларнинг ишбилармонлик ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, оиласи ва жамиятимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишида муҳим аҳамият касб этаётир.«Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси томонидан ҳам бу борада қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада ассоциацияга аъзо бўлиш истагидаги тадбиркор аёллар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Улар орасида иқтисодий билим ва тажрибага эга аёллар билан бирга бу борада ҳали етарлича кўникмага эга бўлмаган хотин-қизлар ҳам бор.
Уюшма мутахассислари уларнинг ҳар бирига мос режалар ишлаб чиқмоқда. Билим ва малакаси етарли аёлларга меҳнат бозорида мавқеини янада мустаҳкамлаш ҳамда халқаро кўргазмаларда иштирок этиш, энди иш бошлаётганларга эса қизиқиши асосида кўникмаларини бойитишга кўмак берилаётир. Шу мақсадда уюшма ҳузурида бизнесни юритиш, молиявий-ҳуқуқий саводхонлик, меҳмонхона ишини юритиш, қандолатчилик, гиламдўзлик каби гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.
– Юртимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни, нуфузи ва фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси раҳбари Гулнора Маҳмудова. – Ҳозир тадбиркор аёллар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ички бозорни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Энг муҳими, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидагиларнинг аксарияти ёшлар, касб-ҳунар коллежини битираётган қизлар. Ўз бизнесини бошлаётган битирувчилар учун «устоз-шогирд» лойиҳаси жорий этилмоқда. Ушбу лойиҳа асосида Сирдарё, Тошкент, Жиззах, Андижон, Навоий, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги қизлар тадбиркорликка кенг жалб этилиб, ўқитиш, малакасини ошириш орқали улар қўллаб-қувватланаётир. Мазкур лойиҳа доирасида ўтган йили вилоятлардан салкам 900 нафар битирувчи аёллар раҳбарлик қилаётган корхоналарда амалиёт ўтаб, бизнесни бошқаришни ўрганди. Амалиёт даврида мутахассисликни мукаммал ўзлаштирган қарийб 400 нафар қиз корхоналарда муқим иш ўринлари билан таъминланди, 45 нафари ўз бизнесини йўлга қўйди.
“Тадбиркорликни ривожлантириш омиллари ва муаммолари” лойиҳаси ҳам хотин-қизларнинг фаоллигини оширишда катта аҳамият касб этмоқда. Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда семинар-тренинглар ўтказилиб, 50 нафардан зиёд аёлнинг кредит олиш, бино, иншоот қуриш учун ер билан таъминлаш каби мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Ушбу лойиҳа кичик бизнес соҳасида ва оилавий корхоналарда раҳбарлик қилаётган аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини мустаҳкамлаш, қишлоқларда тадбиркорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Билим олишга эҳтиёжи бўлган ёки имконияти чекланган хотин-қизлар билан ишлашда, аввало, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, билим ва кўникмасини такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда. Ҳозир компьютерда ишлашни билмасдан бизнесни юритиш мушкул. Маҳсулот ишлаб чиқараётган ёки хизматлар кўрсатаётган ишбилармон бозорни ўрганиши учун интернетдан фойдалана билиши керак. Шу боис тадбиркорлик истагидаги хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ аёлларининг компьютер саводхонлигини ошириш муҳим.
Ўз бизнесини бошлаётган тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган семинар-тренингларда хотин-қизларга бухгалтерия ҳисобидан бизнес режа ишлаб чиқиш, корхонани рўйхатдан ўтказиш, экспорт-импорт операциялари, божхона, солиқ тизимлари билан ишлашгача бўлган жараёнларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Зеро, уюшманинг барча ҳудудий бўлимларида аёл тадбиркорларнинг қўллаб-қувватланиши оилалар фаровонлиги юксалишига хизмат қилаётир.
Ҳар йили ҳудудларда бизнес-форумлар ўтказилиб, аёллар раҳбарлик қилаётган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилмоқда. Бухоро вилоятида тадбиркор аёлларга кўмак сифатида бизнес-инкубаторлар фаолияти йўлга қўйилган. Бундай хайрли ишлар бошқа вилоятларда ҳам давом эттирилмоқда.
2012 йилдан буён уюшма томонидан қатор ҳамкорлар кўмагида “Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси самарали амалга оширилмоқда. Ўтган даврда лойиҳа мақсадларидан келиб чиқиб, 18 йўналиш бўйича 24 нафар маҳаллий тренер тайёрланди. Улар жойларда хотин-қизлар учун ўқув-семинарлар ташкил қилиб, турли касб йўналишларида ҳар бир вилоятдан 120 нафардан, мамлакат бўйича 720 нафардан зиёд хотин-қиз касбларга йўналтирилди. Лойиҳа доирасида Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида “бизнес режа” тузиш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилиб, аёллар иштирокида конференция ўтказилди.
Айни пайтда уюшма қатор давлатлар, хусусан, Малайзия, Ҳиндистон тадбиркор аёллар палаталари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Халқаро аёллар ассамблеяси, Профессионал аёллар ассоциацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти аъзоси сифатида тадбиркор аёлларнинг халқаро бизнес анжуманларда иштирокини таъминламоқда.
Жорий йилда ҳам «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси хотин-қизларни иш билан таъминлаш, касаначилик, оилавий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, банклар билан ҳамкорликда ҳунармандлик билан шуғулланаётган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар бериш, уларнинг маҳсулотларини кенг тарғиб қилишда амалий ёрдам кўрсатиш, иқтисодий-ҳуқуқий мавзуларда семинар ва учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Буларнинг бари мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.