Табрик янги ютуқлар сари ундайди
Бугунги пандемия даврида ҳам ёшларимиз байрамни юқори кайфият, фахр-ифтихор туйғулари билан муносиб нишонламоқда.
Бугунги пандемия даврида ҳам ёшларимиз байрамни юқори кайфият, фахр-ифтихор туйғулари билан муносиб нишонламоқда. Айниқса, Президентимизнинг ёшларга йўллаган байрам табриги барчани руҳлантирди.
“Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида биз бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда.
Азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда.
Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!”
Ўзбекистоннинг ёш фарзанди сифатида байрам табригидаги мана шу жумлалардан жуда ҳам таъсирландим. Табрикни қайта-қайта ўқидим. Амин бўлдимки, давлатимиз раҳбари биз ёшларга ишониб, олдинга интилишимизни, чуқур билим, замонавий технологияларни пухта эгаллаб, келгусида Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишга даъват этмоқда.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида уч йилдан буён ёшлар етакчиси вазифасида фаолият олиб боряпман. Дастлаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқига волонтёр сифатида кириб келдим ва орадан бир неча йил ўтиб, кўплаб ютуқларга эришдим. Дунёни ижобий идрок етишни, ҳар бир ислоҳотга яхши кўз билан қарашни, ҳалол меҳнат қилишни, ҳаётий тажрибани ва албатта, инсонлар билан соҳалар бўйича самарали мулоқот қилишни ўргандим.
Ёшлар куни арафасида «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонга лойиқ кўрилдим. Бу мукофот ота-онамга, устозларимга, мен фаолият олиб бораётган институт жамоаси ва ёшларга катта совға бўлди. Чунки мендан ҳам кўпроқ улар хурсанд бўлишди. Келгусида билдирилган мана шу улкан ишончни оқлаб, янги марраларни забт етиб, юртимиз равнақи йўлида чин дилдан хизмат қилишга тайёрман. Келгусида ҳам фаол ёшлар сафини кенгайтириб, таълим-тарбия, жамоатчилик соҳасида ўзимнинг бор куч-ғайратимни сафарбар этаман.
Aкмалжон БEРДИМУРОДОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ТИҚХММИ
бошланғич ташкилоти етакчиси.