Табиий маъдандан турли маҳсулотлар
Маҳаллий хомашё ва минерал ресурслар негизида экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мамлакатимиз иқтисодий мустақиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Маҳаллий хомашё ва минерал ресурслар негизида экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мамлакатимиз иқтисодий мустақиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш борасида тўпланган тажриба бизнинг ташқи омилларга боғлиқлигимизни камайтириш, ички талабни шакллантириш ва бозорларимизни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи маҳсулотлар билан тўлдириш, ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш, валюта ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича муҳим роль ўйнашини амалда тасдиқламоқда.
Бу борада “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар наинки нефть-газ тармоғи, балки иқтисодиётимизнинг бошқа соҳалари ҳам барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.
Компания тизимидаги корхоналарни ривожлантириш, импорт ўрнини босадиган маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтиришда 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Тармоқда жорий йилда умумий қиймати қарийб 88 миллиард сўмлик 30 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. 2015 йил биринчи ярим йиллик фаолият якунларига кўра, 20 лойиҳа амалиётга муваффақиятли татбиқ этилди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми режага нисбатан 41,1 фоиз кўп ишлаб чиқарилгани, сотиш ҳажми 38,5 фоиз зиёдни ташкил қилгани шундан далолат беради.
Тошкент вилоятидаги Қўшработ конида барит концентратини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мазкур объектда йилига қиймати 4,5 миллиард сўмлик 8 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, “Ўзгеобурғунефтгаз” акциядорлик компанияси бурғулаш корхоналарига етказиб берилади.
Маҳаллийлаштириш дастури асосида “Bentonite” корхонасида ишлаб чиқарилаётган ПБМБ русумли бентонитли лойкукуни юқори сифати, рақобатбардошлиги билан нафақат мамлакатимиз, балки хориждаги нефть-газ тармоғи корхоналари қизиқишини тортмоқда. “ERIELL Corporation” (Чехия), «BAKER HUGHES» (Буюк Британия), “Ecotechnology OOD” (Болгария) сингари компаниялар “Bentonite” корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг доимий мижозларига айланган.
“Uz-Prista” Ўзбекистон – Болгария қўшма корхонасида мотор, тишли ғилдирак ва редукторлар учун мойлар, гидравлика суюқликлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Маҳсулотларни маҳаллий истеъмолчиларга етказиб бериш билан бирга, хорижга экспорт қилиш ҳам кўзда тутилган.
Ҳозирги вақтда маҳаллий хомашё ва ресурслар асосида 5 истиқболли лойиҳани амалга ошириш ҳамда 9 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш устида иш олиб борилмоқда. Антифриз ва косметик аэрозоллар ишлаб чиқарилишида қўлланиладиган этиленгликоль, бир марталик идишлар, электрон ускуналарни қадоқлаш ҳамда автомобиль салони компонентларида зарур бўладиган полистирол ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шулар жумласидандир.
2016 йилда компания тизимидаги корхоналарда 31 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Сурғил кони негизида барпо этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуасининг ишга тушиши билан йилига 387 минг тонна полиэтилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ҳамда 83 минг тонна полипропилен етказиб берилади. Полипропилен ишлаб чиқаришнинг ўзлаштирилиши ички эҳтиёжни қондириш баробарида мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.
Компания маълумотларига кўра, тармоқда 2019 йилгача янги турдаги машинасозлик маҳсулотлари, кимёвий реагентлар, изоляция материаллари, замонавий газ ҳисоблагичлар, нефть ва газни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Натижада 1300 янги иш ўрни яратилади.
Импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар турини кўпайтириш, экспорт улушини ошириш ҳамда тармоқлараро кооперацияни ривожлантиришда Президентимиз ташаббуси билан ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси муҳим аҳамият касб этаётир.
2014 йил ўтказилган VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси тизимидаги корхоналар томонидан 2015 йил учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни харид қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича умумий қиймати қарийб 968 миллиард сўмлик 872 шартнома имзоланди. Хорижий компаниялар билан қиймати 159 миллион долларга яқин шартномалар тузилди.
Шартнома шартларини бажариш мақсадида тармоқ корхоналарида ойлик жадваллар ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг 8 ойи давомида 642 миллиард 609 миллион сўмлик шартнома талаблари бажарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 144,3 фоизни ташкил этди.
Маҳаллийлаштириш дастурлари ҳамда Саноат ярмаркаси ва Кооперация биржалари самарасида тармоқда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардаги импорт улуши 2009 йилда 11 фоизни ташкил қилган бўлса, 2014 йилга келиб бу кўрсаткич 8,8 фоизга тенг бўлди.
Мухтасар айтганда, тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисм ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш иқтисодиётимизнинг янада барқарор ва изчил ривожланиши, унинг ташқи омилларига тобелигини пасайтириш, ишлаб чиқариш жараёнига янги технологиялар татбиқ этилишига хизмат қилади.