Табиий газдан ноқонуний фойдаланманг
Сирдарёда истеъмолчилар орасида қарздорлик бўйича автоматик тарзда табиий газ бериши тўхтатилгандан сўнг, ўзбошимчалик билан электрон газ ҳисоблаш ускунасини ечиб олиб, резина шланглар орқали тармоққа уланиб олган ва табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланаётганлар ҳам топилмоқда. Фақатгина ўзини ўйловчи бундай истеъмолчилар сабаб, ҳудуддаги газ таъминотида ўзгаришлар, уларни ҳисоблашда эса хатоликлар юзага келаётгани ҳам бор гап.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, биргина Сирдарё туман худудида табиий газдан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчиларни аниқлаш мақсадида 2023 йилнинг бошидан жами 37 та рейд тадбирлари амалга оширилган бўлиб, 57 622 583 сўмлик 151638 м3 газ “Сирдарётумангаз” газ таъминотига зарар етказилган. Шундан 19 та табиий газ истеъмолчилари томонидан 86124м3 газ 32 727 409 сўмлик маблағлар ундирилиши таъминланган.

Бундан ташқари хуқуқбузарларга қонуний чора кўришлик учун тўпланган хужжатлар хуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган.
Жорий йилнинг феврал ойида Сирдарё туман “Зиёкор” шахарчасида ўтказилган назорат тадбирлари давомида “Зиёкор шаҳарчаси” Сувчилар кўчаси 12 уйда яшовчи фуқаро Т.А.га тегишли бўлган хонадон ўрганилганда фойдаланилган табиий газдан 5 829 403 сўм қарздорлик аниқланди. Хонадони табиий газ тармоғидан 2022 йилнинг ноябр ойида ўчирилишига қарамасдан, ўзбошимчалик билан полителен шланка орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланаётганлиги аниқланди.

Ҳудди шу маҳалланинг Истиқлол кўчаси 8 уйда яшовчи фуқаро М. Г. ҳам хонадоннинг фойдаланилган табиий газдан 8 688 936 сўм қарздорлиги сабаб табиий газ тармоғидан 2022 йилнинг ноябр ойида ўчирилишига қарамасдан, шу кунга қадар ўзбошимчалик билан полителен шланка орқали ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Ушбу аниқланган холатлар юзасидан далолатномалар расмийлаштирилиб, қайта хисоб-китоблар қилинди ва табиий газ тармоғидан ўчирилиб, тўпланган хужжатлар хуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди.
Ш. Суяров, ЎзА