Тошкент вилоятининг табиатни муҳофаза қилишга масъул идоралари ҳамкорлигида Пискент тумани “Лолаариқ” МФЙ ҳудудида аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди.
Ушбу ҳудуд номаълум фуқаролар томонидан турли хил чиқиндилар ташлаб кетилиши натижасида чиқиндихонага айланган эди. Мутасаддилар ташаббуси билан махсус техникалар жалб этилди ва чиқиндилар олиб чиқилди.
Жорий йилда Тошкент вилояти Экология бошқармаси давлат инспекторлари томонидан олиб борилган назорат рейд тадбирларида маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган ер майдонларига ташлаш билан боғлиқ 1 минг 173 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Бу бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан 701 миллион 985 минг сўм жарима қўлланилган.
Бундан ташқари, 7 та ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. Бугунги кунда вилоятда жами 15 та маиший чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 202,2 гектарни ташкил қилади.
Айрим ҳолларда аҳоли томонидан белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташлаш кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлмоқда. Аслида бундай ҳаракатлар учун қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишини фуқаролар унутмасликлари лозим.
А.Мусаев, ЎзА мухбири