Табиатни асрашда келажак олдида масъулмиз
2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили
Табиатга зарар етказувчи фаолиятлар нафақат экологик тизимнинг мувозанатини бузади, балки инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, бу йўналишда ҳуқуқий жавобгарликнинг турларини белгилаш ва уларни самарали қўллаш ўта муҳим аҳамият касб этади.
Экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш бўйича қонун талабларининг ижросини таъминлашнинг асосий воситаларидан биридир. Ҳозирги вақтда экология соҳасидаги қонунчилик нормаларини бузганлик учун жавобгарлик турлари белгилаган.

Мулкий (фуқаролик-ҳуқуқий) жавобгарлик атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишни таъминловчи ҳуқуқий меъёр ва қоидаларни бузиш ҳолларида юзага келади. Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, корхоналар, ташкилотлар ҳамда муассасаларнинг атроф табиий муҳитга, инсон саломатлиги ва одамларнинг мол-мулкига, халқ хўжалигига етказилган зарарни қоплаш юзасидан чиқимдор бўлишида айбдор бўлган мансабдор шахслар ва бошқа ходимлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан моддий жавобгар бўлади.
Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у ҳуқуқбузарга нисбатан интизомий, маъмурий ва жиноий таъсир чоралари билан бирга қўлланилиши мумкин. Экология талабларини бузганликда айбланаётганларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши уларни атроф табиий муҳитга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.
Интизомий жавобгарлик ходим ўз меҳнат вазифаларини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишга оид интизом тўғрисидаги уставлар ёки низомларда назарда тутилган мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган, экологик қонунчилик талабларини бузганда келиб чиқиши мумкин. Интизомий жавобгарликнинг зарурий шарти шундаки, ходимнинг экологик мажбуриятлари меҳнат шартномасида ва меҳнат низомида кўрсатилиши керак.
Экологияга зарар келтирувчи ҳуқуқбузарликларга қарши курашда маъмурий жавобгарлик муҳим ўрин тутади. Маъмурий жавобгарликнинг моҳияти шундан иборатки, давлат ваколатли органлари айбдор шахсга нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллайди. Экология соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмаган тақдирда, маъмурий жавобгарлик амалга оширилади.
Экологияга зарар келтирганлик учун ҳуқуқий жавобгарликнинг турлари соҳаларга кўра бўлинган ҳолда махсус қонунларда ҳам мавжуд. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни 50-моддасида, “Ўрмон тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасида, Ер кодексининг 90-моддасида, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 53-моддасида “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунинг 51-моддасида келтирилган.
Экология соҳасидаги ҳар бир қонуннинг асосий мақсади – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиат ресурсларидан қонун доирасида фойдаланишни тартибга солиш ва экологик хавфсизликни таъминлашдан иборатдир. Экология соҳасидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарликни белгилашда экологик-ҳуқуқий нормаларни инобатга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳуқуқбузарлик маъмурий ёки интизомий жавобгарликни келтириб чиқарса, жиноят эса жиноий жавобгарликни талаб қилади. Бундан ташқари, фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги жавобгарлик айбдор шахсга маъмурий, интизомий ёки жиноий жавобгарлик билан биргаликда қўлланилиши мумкин. Шуниси муҳимки, экологик талабларни бузган шахслар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишлари уларни табиий муҳитга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.
С.Утемуратова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА