
Табиатга нисбатан кўпинча она сўзини ишлатамиз. Бу бежизга эмас, албатта. Табиатдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси олам яралгандан бери мавжуд бўлиб, инсоният эҳтиёжи учун хизмат келиб келади. Шу жиҳатдан уни она каби ардоқлаш ва келажак авлодга софлигича қолдирмоқ керак. Бу борада ҳар биримиз табиат учун куюнчак бўлмоғимиз, қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслигимиз лозим.
Биргина Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудида табиатни қўриқлаш инспекторлари томонидан ўтган йилда жами 288 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Шулардан ўсимлик дунёси бўйича 275 та, овчилик бўйича 5 та, миллий боғ режимини бузиш бўйича 8 та ҳолат аниқланган. Ўз навбатида айбдорларга нисбатан салкам 150 миллион сўм жарима чораси қўлланилган.

Албатта, бу жуда катта маблағ. Бироқ кўрсатилган рақамлардан табиатга қанча зарар келтирганини англаб олиш қийин эмас. Биргина ўсимлик дунёси бўйича аниқланган қонунбузарликлар асосан “Қизил китоб”га киритилган ноёб турларни йўқ қилиш, дарахтларни ноқонуний кесиш, чорва молларини қаровсиз ҳолда табиатга қўйиб юборишдан иборатдир.

Миллий боғ ҳудудида 1 минг 800 га яқин ўсимлик турлари бор. Улардан 66 тури “Қизил китоби”га киритилган. Шу жумладан, 8 тур лола, Ўрта Осиё ноки, Аболин астрагали, Эремуруслар, Бошқизилсой герани, ёввойи саллагул ва бошқалар.

Табиат боғи ходимлари томонидан аҳоли ўртасида ва мактабларда табиатни муҳофаза қилиш ва асраш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Аммо, шу ишларга қарамай аҳоли томонидан лола ўсимлиги ва бошқа гулларни териб сотиш ҳолатлари учрамоқда. Мутахассисларнинг айтишича, ҳозир ҳудудда ҳайвонот дунёсининг 230 га яқин турлари мавжуд бўлиб, шундан 48 тури Ўзбекистон ва Халқаро “Қизил китоб”ларига киритилган. Шу жумладан, қор қоплони, оқ тирноқли Тянь-Шань қўнғир айиғи, Мензбира суғури, Туркистон силовсини, кичик така-бурун, лочин ва қумой қушлари, Чотқол шайтон-балиғи, Туркистон лаққаси, кўлжа арвоҳ капалаги ва бошқалардир.


– Ўтказилаётган назорат рейдларида мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда. Ўрмонзорларимиз ва улар ҳудудида етиштирилаётган шифобахш гиёҳлар ва биологик мувозанатни сақлаш, ёввойи ва ов ҳайвонларини асраш фақатгина ўрмончиларнинг вазифаси бўлиб қолмайди. Бу аслида табиатни қўриқлаш инспекторлари, кенг жамоатчилик ва табиатни севувчи ҳар бир фуқаронинг ҳам доимий бурчи бўлиб қолиши лозим, – дейди Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи бош мутахассиси Хуршид Ҳайитов.
А.Мусаев, ЎзА