Тошкент вилояти Экология бошқармаси, вилоят Миллий гвардия ходимлари, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда Бекобод тумани “Ачамайли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб отувчи Сирдарё дарёсида экологик назорат тадбирлари ўтказилди.
Рейд давомида дарёнинг чап қирғоғидан давлат рақами ечиб олинган техника воситаси (юклагич) ёрдамида ишлов берилмаган қум, қум-шағал аралашмалари “Хово” ҳамда “Зил” юк ташиш автотранспорт воситаларига юкланиб, олиб чиқиб кетилаётгани аниқланди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан жорий йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган.
Қум-шағал қазиб олиниши натижасида табиатга 87 миллиард 651 миллион 83 минг 344 сўм зарар етказилгани маълум бўлди. Хусусан, 3 та юк ташувчи автотранспорт воситаси вақтинчалик сақлаб туриш учун Бекобод шаҳар ҳудудидаги жарима майдонига жойлаштирилди. Иш юзасидан ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
А.Мусаев, ЎзА.