Табиатга меҳрибон инсон кам бўлмайди
Қўшниларнинг чақириғи билан дарров чопиб кўчага чиқдим.
Қўшниларнинг чақириғи билан дарров чопиб кўчага чиқдим. Нима бўлганини сўрасам, тўрт уй наридаги уй ёнаётганини айтишди. Сув керак экан, ёрдам сўрашди. Дарҳол ҳаракат бошланди. Зудлик билан ўт ўчирувчиларга хабар бердик. Жуда тез келишди. Ёнғин бартараф этилди. Ҳамманинг кўнгли жойига тушди. Қўни-қўшнилар уй-уйларига тарқалди. Ўт ўчириш ходимлари эса ёнғиннинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида суриштирув ишларини бошлаб юборди.
Маълум бўлишича, ёнғин бир беэътибор инсоннинг сигаретини ўчирмасдан, қуриб ётган хашак устига ташлаши оқибатида юзага келган экан. Хуллас, маҳалла нозирию ҳокимият вакили, электр тармоқлари корхонаси, сув таъминоти, тиббиёт ва бошқа мутасадди ташкилотлар ходимлари ва мутахассислар бир кун банд бўлди. Шу баҳона атрофдаги бошқа ҳудудлар ҳам текширувдан ўтказилди. Энди, яна ёнғин бўлса, нафақат ёрдам бераман, ҳатто чиқмайман ҳам, деб ҳикоясини тугатди қўшним.
Ҳайрон бўлиб, нега ундай дейсиз, ахир яхши иш қилибсиз-ку, десам “Э, сиз шундай деяпсиз-ку, мен жарима тўладим” дейди. Сабаби, текширувлар жараёнида орқа кўча томондаги унинг ҳудудига тегишли жойда чиқинди йиғилиб қолгани аниқланибди. Эрта-индин яна бирор кимса сигарет қолдиғини ташлаб юборса у ҳам ёнади, деб уни жаримага тортишибди. Аслида ҳам тўғри-ку. Агар шу кўнгилсиз ҳолат юз берса, кайфиятни кўтарадиган иш бўлмайди. Қуруқ хашак ва шох-шаббалар ёнишининг олдини олса-чи? Табиатга қанча ёрдам берган бўлади ва келажакда ўзининг фарзандлари тоза ҳаводан нафас олиб яшайди.
...Ер юзида атроф-муҳит доимо ўзгариб туради. Буни инкор этиб бўлмайди. Бироқ атроф-муҳитимиз ўзгаргани сари уни ўраб турган муаммолардан кўпроқ хабардор бўлиш зарурати тобора ошиб бораяпти. Буни дарров сезишнинг имкони йўқ. Она табиатдаги экологик ўзгаришни инсоният қачон пайқайди? Қачонки, одатий муҳит ўзгариб, ноқулайлик туғдирганда сабабини қидиришни бошлаймиз. Инсонмиз, дарровгина табиат ёки экологик ўзгаришлар оқибати эканини тушунишимиз қийин. Ваҳоланки, бу ўзгаришлар сабабчиси ҳам асли ўзимиз эканимизни тушунганимизда кеч бўлади. Уни қайта тиклаш учун бир ёки ўн одамнинг ҳаракати камлик қилади. Табиий офатлар, глобал исиш ва совуш, турли хил об-ҳаво шароитлари, атмосфера ҳароратининг ўзгариши, ҳавонинг бузилиши ва яна кўп нарсалар орқали одамлар сайёрамиз олдида турган экологик муаммолардан хабардор бўлиши керак. Оддий бир мисол, аксарият кўча-кўйда ёнаётган чиқинди, хазон ёки шох-шаббаларни кўрамиз. Шунда тўхтаб, уни бартараф этиш учун нима қилганмиз? Табиатга меҳрибонлик қилган одамларни қидирсак, санасак, бир қўлимиз бармоқлари ҳам ортиб қолади. Бунинг ҳақиқат эканини қалбимиз тубида барчамиз сезиб турибмиз.
Ҳа, албатта, нима қилибди битта-иккита жой ёниб, хашак ва чиқиндилардан фориғ бўлсак, деган фикр ҳам йўқ эмас орамизда. Лекин сиз бу ҳолатни бир шаҳарча ёки бир кичик давлат миқёсида олсангиз иккитадан ёнган жойни мингга ёки миллионга кўпайтиринг. Тутун ичида инсон нафас ололмаганидек, ер ҳам, табиат ҳам худди шундай нафас олишга қийналмасмикан?!
Глобал исиш бизнинг ҳозирги турмушимизда аниқ ҳақиқатга айланди. Сайёрамиз исиб бормоқда, ва бу, албатта, муаммонинг бир қисми холос. Бироқ бу бизни ташвишга солиши керак бўлган ягона экологик муаммо эмас. Дунё бўйлаб одамлар ҳар куни кўплаб янги ва янги мураккаб экомуаммоларга дуч келмоқда. Экологик ўзгаришлар ўзимиз билмаган ҳолатда соғлиғимиз, ҳосилимиз, тоза сувларимиз учун салбий таъсир кучини намоён этиб бораяпти.
Ер юзида табиатнинг мураккаб дунёсини ташкил этувчи миллионлаб тирик мавжудотлар мавжуд. Айни пайтда, одамлар ўз эҳтиёжларини қондириш учун табиий муҳитни тинимсиз ўзгартириш билан банд. Ҳаёт занжирининг асосий бўғини бўлган ўсимлик дунёсию ҳайвонот оламининг эркин яшашига деярли жой йўқ бугун. Дунёдаги барча ўсимликларнинг тўртдан бир қисми йўқолиб кетиш хавфи остида экани маълум.
Ишлаб чиқариш корхоналари ва транспорт воситасидан чиққан заҳарли газлар ҳавода кислород ва намлик билан аралашиб, кислота ёмғирини ҳосил қилади. Улар шамол орқали узоқ йўл босиб, бошқа – ҳатто энг табиий тоза ҳудудларга хам етиб боради. Кўллар, боғларни заҳарлайди, ҳашоратларни, ёввойи жонзотларни ўлдиради, боғларда ва далаларда ҳосилдорликни камайтириб юборади.
Экологик муаммоларнинг чегараси йўқ. Бироқ одамларнинг экологик маданиятини ошириш ва ҳар бир кишини табиат гўзаллигига ошно қилиш орқали экологик офатларни бартараф этиш мумкин. Ҳукумат атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашиш учун жиддий чоралар кўраяпти.
Шу ишлар замирида биз ҳам “бу менинг ишим эмас, ана давлат қилсин” деган кайфиятни ўзгартириб, табиатнинг софлиги ва гўзаллиги аввало ўзимиз, фарзандларимиз учун керак-ку, деган фикр билан яшашни ўргансак кифоя.
...Дўстим, очиғи, кўчамизда қўшниларнинг хазон тўплаб ёқишларига, чиримас пластик идишларни ўт-ўланлар орасига ташлаш ёки уларни кўмишларига, заҳарли кимёвий моддаларнинг чиқинди сифатида ёқиб юборилишига, оқар сувга ифлос нарсалар ташлашларига, тоза ичимлик сувини исроф қилишларига беэътибор, лоқайд қарайдиган бўлиб қолганмиз. Айтсам, ўзимдан ҳам жарима олишади, деб қўл силташ эмас, аксинча, шу атрофда, шу маҳаллада, шу кўчада фарзандларим ўйнайди, заҳарланаётганлар орасида мен ҳам, оиламдагилар ҳам бор-ку деб ўйлашга, ТЎХТА! БАС ҚИЛ! деб айта олишга ўрганишимиз керак.