Табаррук онахонлар уйида овоз берди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида бир асрдан ортиқ умр кўраётган юртдошларимиз кўп. Улар ҳам миллий сайлов қонунчилигимизда яратилган имкониятлардан фойдланиб, ўз уйларида овоз бермоқда.
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида бир асрдан ортиқ умр кўраётган юртдошларимиз кўп. Улар ҳам миллий сайлов қонунчилигимизда яратилган имкониятлардан фойдланиб, ўз уйларида овоз бермоқда.Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округининг ушбу туманда жойлашган 371-сайлов участкаси сайлов комиссияси аъзолари Янгиобод маҳалласида истиқомат қилаётган 110 ёшли Ҳалима момо Абдуллаеванинг хонадонига кўчма қутини олиб борди.
–Мен сайловда набираларим, эвара-чевараларимнинг биз кўрган қора кунларни кўрмаслиги, уларнинг бахт-иқболи учун овоз бераман, – дейди Ҳалима момо. – Яратганга шукр, худойим мени кексайганимда кўп сийлади, мана шундай осойишта ва фаровон замонни кўришни насиб этди. Давлатимиз ғамхўрлиги, халқимиз эъзозида яшамоқдаман. Бизнинг бундай узоқ умр кўришимизга асосий сабаб, юртимизда кексаларга кўрсатилаётган алоҳида ва доимий эътибор деб биламан. Илоҳим, тинчлигимиз абадий, элимизнинг бахти бутун бўлсин.
Тумандаги участка сайлов комиссиялари аъзолари 116 ёшли Ортиқжон момо Отабоева, 107 ёшли Морияхон момо Комилова, 102 ёшли Сиддиқа момо Раимқулова, 102 ёшли Мастура момо Узоқбоева, 101 ёшли Саврихон момо Шодмонова, 100 ёшли Мелихон момо Тожибоевалар хонадонига ҳам кўчма қути билан бориб, табаррук онахонларнинг овоз беришини ташкил қилди.