Тўқсон беш фоиз маҳсулот экспортга
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган эътибор самарасида соҳа корхоналарининг ички бозорни тўлдириш, шу билан бирга экспорт ҳажмини оширишдаги ўрни ортмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган эътибор самарасида соҳа корхоналарининг ички бозорни тўлдириш, шу билан бирга экспорт ҳажмини оширишдаги ўрни ортмоқда.Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Magnus Industrial Group” масъулияти чекланган жамияти улардан бири. Турли диаметрдаги мис трубалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонага замонавий ускуналар ўрнатилган. Бу ерда автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари саноатида талаб юқори бўлган материал турлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Ҳозир корхонада диаметри 2 миллиметрдан 42 миллиметргача бўлган мис трубалари ишлаб чиқарилмоқда.
Маҳаллий хомашё асосида тайёрланаётган мис трубаларининг сифати юқорилиги боис ташқи бозорда ҳам харидоргир. Бугунги кунда уларнинг 95 фоизи экспорт қилинмоқда.
Замонавий технологиялар билан жиҳозланган мазкур корхонада элликдан зиёд иш ўрни яратилган бўлиб, унинг ўттиздан ортиғи коллеж битирувчиларидир.
– Амалиёт ўташ давомида зарур кўникмаларни эгалладим. Шу боис ишга олиб қолишди, – дейди Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Сирожиддин Алимов. – Назария ва амалиётни бирга олиб бориш соҳани тушуниш ва яхши ишлашга ёрдам бераркан. Коллежда ўрганганларимиз иш жараёнида қўл келмоқда.
Корхона раҳбари, ёш тадбиркор Анвар Нодирхонов жорий йилда “Ташаббус” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида “Энг яхши тадбиркор” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.
– Давлатимиз раҳбарининг ёшлар бизнинг нафақат ишончимиз ва келажагимиз, улар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир, деган сўзлари бизга доимо қанот, куч бағишлайди, – дейди А.Нодирхонов. – Ёшларга билдирилаётган бундай ишонч ва яратилаётган шароитлар бизни янада кўпроқ изланишга, янги марраларни эгаллашга чорлайди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик куч-ғайрат бағишлаши билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди.
“Magnus Industrial Group” корхонаси юртимиздаги “Artel”, “Sino” компаниялари, шунингдек, дунёга машҳур “Samsung”, “LG” компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Корхонада келгусида яна бир инвестициявий лойиҳа амалга оширилиб, мис фитинглар тайёрлашни ўзлаштириш режалаштирилмоқда.