Тўрт фаслда ҳам тўкинлик
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, аҳолини шахсий томорқа билан таъминлаш ва ундан унумли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юксак самаралар бераётир. Буни Сурхондарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, аҳолини шахсий томорқа билан таъминлаш ва ундан унумли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юксак самаралар бераётир. Буни Сурхондарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.Вилоят аҳолисига 40 минг гектардан зиёд унумдор ер томорқа сифатида ажратилган. Аҳолининг шахсий томорқа хўжалигидан самарали фойдаланишида “Томорқа режаси” дастури қўл келмоқда. Тижорат банклари томонидан эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланиб, имтиёзли кредит асосида уруғлик ва мевали дарахт кўчатлари билан таъминланмоқда. Маҳаллаларда томорқа хўжаликларига арзон баҳоларда минерал ўғит ва кимёвий препаратлар етказиб берадиган дўконлар фаолияти йўлга қўйилган. Аҳоли томорқасидан унумли фойдаланишга эътибор кучайтирилаётгани йилнинг тўрт фаслида ҳам арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун янада қулай имконият яратмоқда. Қўшимча даромад эвазига оилаларнинг турмуш фаровонлиги ортмоқда.
– Одамларнинг ерга муносабати ўзгариб, томорқадан самарали фойдаланиш маданияти юксалмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова. – Бу қишлоқ хотин-қизларини иш билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этаётир. Томорқаларнинг 435 гектарида иссиқхоналар ташкил этилган. Мўъжазгина иссиқхона шароитида турли цитрус мевалар, помидор, бодринг, кўкатлар, қўзиқорин каби озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилиб, оилалар бюджети мустаҳкамланаётгани қувонарли.
Музработ туманида 24 минг 151 оилага 2 минг 451 гектар ер майдони шахсий томорқа сифатида ажратиб берилган. Бир пайтлар фақат чорва озуқаси етиштирилган томорқаларнинг яхшигина қўшимча даромад манбаига айланаётгани ҳар қарич ердан фойдаланишнинг сердаромад йўлларини излаб топишга ундамоқда. Шу мақсадда иссиқхоналар барпо этиб, лимон, бодринг, помидор, турли сабзавот ва кўкат етиштириб, бир йилда икки-уч марта ҳосил олишга интилиш, иштиёқ кучайди. Бу йил туманда 22 гектардан зиёд томорқада иссиқхоналар ташкил этилиб, озиқ-овқат экинлари етиштирилаётгани бунга яққол мисолдир.
– Хонадонлардаги иссиқхоналарда парваришланаётган лимон ва кўкатлар оилаларга қиш фаслида ҳам яхшигина даромад келтирмоқда, – дейди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳиддин Шарипов. – Ҳозир бозорга асосан помидор ва бодринг чиқарилмоқда. Эртачи картошка, сабзи парваришлаган хонадонлар дастлабки ҳосилни йиғиб олаётир. Томорқаларнинг бир қисмида парваришланаётган эртачи пиёздан ҳам мўл ҳосил олиш мўлжалланмоқда. Минерал ўғит, уруғ етказиб берадиган шохобчалар ташкил этилиб, шу мақсадлар учун имтиёзли кредитлар ажратилаётгани ва ҳовлисининг обод, турмушининг фаровон бўлиб бораётганидан маҳалла аҳли жуда мамнун.
Томорқа эгаларининг минерал ўғит ва турли зироатлар уруғига, мевали дарахт ва ток кўчатларига эҳтиёжи ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Томорқасида мева, узум етиштириш истагини билдирган оилалар 255 минг 750 туп мевали дарахт ва 220 мингдан кўпроқ туп ток кўчати билан таъминланди. Олтинсой, Сариосиё, Узун, Шеробод, Шўрчи туманларида ҳам аҳолининг томорқа хўжалигидан самарали фойдаланишга қизиқиши йилдан-йилга ортмоқда.
Денов туманида 6 минг 193 гектар майдон аҳолига томорқа учун ажратилган. Мавжуд майдонларнинг 70 гектарга яқинида иссиқхона ташкил этилган. Томорқадан қўшимча даромад топишнинг ҳадисини олган туман аҳолиси ҳозиргача 6 минг 135 гектардан ортиқ майдонга турли сабзавот, картошка, полиз ва бошқа озиқ-овқат экинлари уруғини қадади.
– Ўтган йили помидор, бодринг парваришладик, – дейди Денов тумани Чоргул маҳалласида истиқомат қилаётган Мурод Тошбоев. – Меҳнатимиз ўз самарасини берди. Даромадимиз эвазига “Damas” автомашинаси сотиб олдик.
Ҳа, аҳоли иссиқхоналарида етиштирилаётган турли мевалар, помидор, бодринг, кўкат сингари сервитамин маҳсулотлар бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини, дастурхонимиз тўкинлигини таъминлашга хизмат қилаётир.