Тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Пойтахтимизда Ўзбекистон халқаро тўқимачилик конференцияси бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон халқаро тўқимачилик конференцияси бўлиб ўтди.
Тошкент глобал тўқимачилик кунлари доирасида ташкил мазкур анжуманда жаҳоннинг 36 давлатидан вакиллар, олимлар ва экспертлар иштирок этди.
Унда сўз олган “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси И.Ҳайдаров, Бангладеш Халқ Республикаси савдо вазири Т.Мунши, Беларусь Республикаси “Беллегпром” концерни раҳбари Т.Лугина, Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси М.Сураййа ва бошқалар Ўзбекистон ва бир қатор хорижий давлатлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, бу, ўз навбатида, тўқимачилик соҳаси равнақига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаётганини қайд этди.
Эътиборли жиҳати, тадбир чоғида маҳаллий ва хорижий экспертлар ўзларининг тажрибаси билан ўртоқлашар экан, унда соҳа ривожида ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижаларига эътибор қаратди.
“Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаровнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани хорижий давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга кенг имконият яратмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратаётган катта эътибори натижасида бугунги кунда кластерлар фаолияти янада ривож топмоқда. Масалан, 2017 йилда Навоий вилоятида ягона тўқимачилик кластери фаолияти йўлга қўйилган бўлса, бугун уларнинг сони 75 тага етди ва тармоқдаги иш жараёнининг бундай шакли ўзини оқлади. Эндиги мақсад эса ишлаб чиқарувчиларни жаҳон талабига мос сифатли тола маҳсулотлари билан таъминлашдир. Бунда ижобий самарага эришиш учун халқаро методологик тавсиялар зарур бўлади.
– Анжуманда жаҳон тўқимачилик саноатининг тенденцияларига бағишланган маърузам билан қатнашдим, – деди Швейцариядаги Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар федерацияси бош директори Кристиан Шиндлер. – Яқин келажакда тўқимачилик тармоғида иккита тенденция алоҳида аҳамият касб этади. Сайёрамизда энергия ресурслари бўйича қайғуриш асносида энг кам миқдорда электр энергия ва сув сарфланиб, тўлиқ автоматлаштирилган ускунада тайёрланган маҳсулотларга алоҳида талаб кузатилади. Бунда кун сайин ишлаб чиқариш жараёнининг шаффофлиги муҳим бўлиб боради. Шу сабабли харидорлар пахтани ким етиштиргани ва тайёрлаганини, қандай ускуналардан фойдаланилганини билиши мажбурийдир.
АҚШнинг Халқаро молия корпорацияси вакили Оксана Вароди “Ўзбекистонда пахта етиштириш ва қайта ишлаш тармоғининг барқарор ривожланиши” мавзуидаги маърузасида мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
– 2017 йилда Ўзбекистонда барқарор ва ижтимоий масъул тарзда пахта етиштириш бўйича дастур амалга оширила бошланди, – деди Оксана Вароди. – Унинг доирасида мамлакатда энг юқори халқаро стандартларга мос бўлган пахта етиштириш бўйича янги амалиётлар ва технологиялар жорий этилмоқда. Агар 2019-2020 йилларда “Энг яхши пахта учун” стандарти тамойилларига асосланган амалиётлар тизимини жорий этиш муваффақиятли ўтса, BCI нинг мамлакатга кириб бориши режасини тайёрлаш имконияти яратилади. BCI нинг Ўзбекистонга киришига доир асосий шартлардан бири “оқ олтинни” етиштириш ва териш жараёнининг тўлиқ шаффофлиги ҳисобланади.
Анжуманда тўқимачилик саноатини рақамлаштириш, жаҳон тўқимачилик саноати ривожидаги йўналишлар, Ўзбекистонда “Энг яхши пахта” лойиҳасини амалга ошириш тартиблари, пахта-тўқимачилик кластерини амалга оширишнинг муваффақиятли тажрибаси, шунингдек, чакана савдо, электрон тижорат каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар янги барпо этилган Ўзбекистон – Жанубий Корея тўқимачилик технопарки биноси ва замонавий жиҳозланган хоналари билан яқиндан танишди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Элёр Ғаниев сўзга чиқди.