Кеча тунда чирчиқлик спорт ишқибозлари “Кимёгарлар” маданият саройида Париж ёзги Олимпиадасининг таэквондо WТ бўйича +67 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Светлана Осипованинг франциялик Алтеа Лоран билан баҳсини кузатиб, ҳамшаҳарларини фаол қўллаб-қувватлади.
Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳам Светлананинг ота-онаси, мухлислари сафида финал учрашувини томоша қилди.
Эътиборлиси, спортчимиз Олимпиада совриндори бўлган ўзбекистонлик илк аёл таэквондочи бўлди. Ўйиндан сўнг вилоят ҳокими ҳамюртимизнинг ота-онаси Валерий Осипов ва Наталья Осиповани мазкур натижа билан табриклаб, ўз тилакларини билдирди.
–Биз олтин кутган эдик, лекин кумуш медаль ҳам яхши натижа бўлди, – дейди спортчининг дадаси В.Осипов. – Ҳамшаҳарларимиз, яқинларимиз билан биргаликда ўйинларни ҳаяжон билан кузатиб бордик. Очиғи жуда хурсандман. Қизимнинг эришган ютуғидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Бу нафақат оиламиз, бутун юртимиз учун мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги олдидан катта совға бўлди.
Светлана Олимпиада ўйинларига пухта тайёргарлик кўрган эди. У мураббийлари, оиласи ва барчанинг ишончини оқлади.
А. Мусаев, ЎзА мухбири