Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Суюрлитепа ёдгорлигидан милодий III-IV асрларга оид қабрлар топилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ва Тарих институти ходимлари томонидан ушбу ёдгорликда 2022 йилнинг апрель ойидан буён археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Суюрлитепа ёдгорлиги Оҳангарон дарёсининг чап соҳилида, Қурама тоғларининг шимолий этагида, Санам қишлоғидан 2 километр узоқликда, Олмалиқ шаҳрини Ангрен шаҳри билан боғловчи автомобиль йўли ёқасида жойлашган.
2022 йилги қазишмалар Вағнзе мулкининг жануби-шарқий қисмидаги нисбатан баландроқ тепаликни очиб ўрганишдан бошланди. Қазишма 20х20 метр ўлчамли майдонда амалга оширилди.
Қазишмалар натижасида бу ердан илк ўрта асрларга оид монументал иншоот ўрни аниқланди. Унинг қурилишида пахса ва хом ғиштлардан фойдаланилган. Бино 3 қаватли пахса блокларидан иборат платформанинг уст қисмида кўтарилган. Унинг том қисми аркасимон қилиб ёпилганлиги қазишмалар жараёнида аниқланди. Иншоотнинг айнан қандай вазифани бажарганлиги ҳақида тугал хулосага келингани йўқ. Тадқиқотлар якунида якуний хулосалар берилади.
Тадқиқотлар натижасида ривожланган ўрта асрларда бинодан бошқа мақсадларда фойдаланилгани қайд этилди. Иншоот марказий хона ва унга туташтирилган ёрдамчи хоналардан иборат қилиб қурилганлиги ҳамда унга яна бир қанча хўжалик хоналари кейинги даврларда қўшилганлиги ёдгорликнинг режасида акс этган. Қазишма майдонида жами 10 га яқин хоналар очиб ўрганилди.
Археологик қазишмалар натижасида бу ердан Турк хоқонлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар ва Мўғуллар босқини даврига оид бой ашёлар, тангалар, сопол идишлар (сирланган ва сирланмаган лаганлар, косалар, хумлар ва ҳоказолар), камон ўқининг учлари, шиша идишлар, турли хил тақинчоқлар, суякдан қилинган тароқлар ва бошқа кўплаб тарихий буюмлар топилдики, буларнинг ҳаммаси ушбу шаҳар тарихини ёритишда чинакам хазинадир.
Хоналардан пахса блоклари платформани ўйиб очилган жами 5 та хўжалик ўралари аниқланган. Ўралардан биттаси тўғри тўртбурчак, қолганлари эса айлана шаклга эга. Улардан 20 турдаги шиша идишлар, хусусан, шиша лаганлар, вазалар, бакаллар ва табиблар томонидан гиёҳ солиш учун ишлатилганлиги талқин қилинаётган кичик, нозик кўринишга эга шиша идишлар ва ҳоказолар топилди. Бундай турли-туман шиша идишларнинг топилиши бу ҳудудларда бир вақтлар шишасозлик юксак даражага етганлигининг исботидир.
Ўралардан бирида Сомонийлар даврида оид (Х аср) ноёб лаганлар ҳам топилди. Уларнинг сиртига оқ ранг берилиб, сирланган. Лаганлардан бирида араб алифбосининг куфий хатида сўзлар ёзилган. Ёзувлар ўнг томондан ўқилганда алъумру (умр), ал-баракату (барака), ли соохибихи (эгаси учун, эгасига) сўзлари битилган. Лаганлардан бирида Ҳумо қушига ўхшаб кетадиган қуш тасвирланган бўлиб, у тумшуғида гул тутиб олган. Иккала лаган ҳам сомонийлар даврининг нодир намуналаридан ҳисобланади.
Шаҳарнинг ички йўлларини аниқлаш мақсадида 7 та нуқтада траншеялар (эни 1 м, узунлиги 5-14 м.лик чуқурлар) ташланди ва шаҳарнинг баъзи ички йўлларининг ўрнига аниқлик киритилди. Ёдгорлик жануби-шарқий қисмидаги кенг майдонларда қават-қават қилиб тармоқланган ариқларнинг ўрни яққол кўзга ташланади. Эҳтимол, тарихда бу майдонларда боғ-роғлар барпо этилгандир.
Ёдгорлик ҳудуди жуда кенглиги боис, унинг катта қисми ўз сир-асрорларининг очилишини кутиб турибди. Ёдгорликда археологик тадқиқотлар давом эттирилмоқда.
Д.Маматова,
ЎзА мухбири