Суюлтирилган газ: барча ҳудудлар қамраб олинмоқда
Куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўриш, мавсумни беталофот ўтказиш коммунал хизмат кўрсатиш идоралари масъулларига катта масъулият юклайди.
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан Наманган вилоятидаги табиий газ етиб бормаган олис ҳудудлар ва чекка қишлоқларда яшовчи аҳоли хонадонларига суюлтирилган газни узилишларсиз ва ўз вақтида етказиб беришга эътибор қаратилмоқда.

Чортоқ туманининг Сарой маҳалласи қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудда жойлашган. Аҳоли асосан, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Алибой ака Ўразов ҳам шу манзилда узоқ йиллар тракторчи бўлиб меҳнат қилган, ҳозирда нафақада. Маҳаллада ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ўзаро аҳилликда истиқомат қилади. Саройликлар маҳаллага суюлтирилган газ доим ўз вақтида етказиб берилаётганидан беҳад мамнун.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда Чортоқ туманида 24 минг 605 та суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд. Суюлтирилган газ етказиб бериш туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўз вақтида амалга оширилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА