Сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқолмоқда
Бутун ер юзида сув танқислиги муаммоси йилдан-йилга жиддий тус олиб бормоқда. Жаҳон банки экспертларига кўра, 2050 йилга бориб Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. 2050 йилда Марказий Осиёда чучук сув тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан 22 март – Бутунжаҳон сув ресурслари кунига бағишлаб ўтказилган «Сув ресурслари ва улардан фойдаланишдаги устувор вазифалар» мавзусидаги амалий семинарда айтиб ўтилди.
– Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳим масалалардан бирига айланиб бормоқда, – деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Ислом Хушвақтов. – Шу боис мамлакатимизда «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси» қабул қилиниб, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантиришда, соҳага бозор тамойиллари, рақамли технологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 31-мақсадида ҳам сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш, соҳа объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш бўйича вазифалар белгиланган.
Сувни иқтисод қилиш юзасидан ўтган йилда 463,7 минг гектар, шу жумладан, 89,8 минг гектар томчилатиб, 16,2 минг гектар ёмғирлатиб ва 5,7 минг гектар майдонда дискет суғориш технологиялари жорий қилинган. 243 минг гектар экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланиб, сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилган. Амалга оширилган тадбирлар натижасида жами 7 миллиард куб метр сув тежалишига эришилган, – деди депутат.
Амалий семинарда эколог депутатлар сувни тежаш, сув танқислиги келиб чиқишининг олдини олиш борасида чоралар кўриш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидланганидек, сўнгги 15 йилда ёғингарчилик 25 фоизга қисқарган. Сувни тежайдиган технологияларни қўллаш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаяпти. Натижада асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқолмоқда.
Семинарда халқ вакиллари сув хўжалигига оид қатор таклиф ва тавсияларни билдириб, соҳага оид қонунларни такомиллаштириш, уларнинг ижросини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш бўйича вазифаларни белгилаб олди.
Шунингдек, амалий семинар қатнашчилари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Агровер» МЧЖда қишлоқ хўжалиги кластери фаолияти, унда жорий этилган сув тежовчи технологиялар билан ҳам танишди.
М.Комилова,
ЎзА