Сувдан самарасиз фойдаланганларга чора кўрилди
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосарлари, вазирлик бошқарма бошлиқлари, раҳбар ва етакчи мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси туманларида суғориш тадбирлари ташкил этиш жараёнида айрим сув истеъмолчиларининг ички сув тармоқлари ва далаларини шўр ювишга талаб даражасида тайёрламаган ҳолатлар аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, Беруний тумани “Беруний” ғалла кластери, “Сарвар Насл чорваси”, “Нуриддин Жумагул”, “Раҳим бобо” фермер хўжаликларида далада чел олинмаган ёки сув қаровсиз қолдирган.

Шунингдек, Чимбой туманида “Гайрат Галымбай”, “Рейимберген Балтабай”, “Камыс-арык Агро” фермер хўжаликларида ички тармоқлар тозаланмасдан меъёридан ортиқча сув олиниб, суғориш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу туманлардаги фермер хўжалик раҳбарларига ҳамда сувчи ходимларига тегишли тушунтириш, топшириқлар ва кўрсатмалар берилди. Бу каби мисолларни деярли барча туманлардан келтириш мумкин.
Мавжуд ҳолат юзасидан вазир ўринбосари Р.Қаршиев ҳудудларда сувдан самарали фойдаланишни ташкил қилмаган ва сувнинг ҳисобини юритишга масъулиятсиз қарагани учун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош диспетчерига ҳайфсан берилгани, навбатчи диспетчер ҳамда Чимбой ТИБ раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини маълум қилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Қорақалпоғистон Республикасида 1 март ҳолатига жами 48 минг 963 гектар ерда шўр ювиш, 25 минг 593 гектар ғалла, 40 минг 465 гектар томорқа ва бошқа майдонларда суғориш ишлари олиб борилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА