Оқар сувларнинг исроф бўлмаслигида бетон ариқларнинг роли муҳим ҳисобланади. Бу ўтган асрнинг 70 – 80-йилларда лоток ариқлар мисолида тажрибадан ўтган. Бугунги кунда ички ариқларни бетонлаштириш долзарб вазифа саналмоқда.
Жорий йилнинг сув хўжалигида “каналларни бетонлаштириш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилиниши, сув сарфини камайтиришга хизмат қилади, албатта. Бу борада, Тошкент вилоятида ички ариқларни бетонлаштиришга ҳам жиддий эътибор қаратилган.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ тумани “Дўстлик” ҳудудидан оқиб ўтувчи катта йўл ёқасидаги ички ариқ анча йиллардан бери таъмирга муҳтож эди. Қарийб 200 гектар майдонда етиштириладиган ғалла ва пахта шу ариқдан сув ичади. Шу кунларда Ўрта Чирчиқ “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ ишчилари ҳамда фермерлар мазкур сув тармоғини бетонлаштиришга киришди. Сувчилар ва деҳқонлар мавжуд ариқнинг лоток қисмигача бетонлаштиришни мақсад қилган. Шунингдек, “Турон” фермер хўжалиги ҳудудидан оқиб ўтувчи ички ариқ ҳам бетонлаштирилмоқда.

– “Тошкент – Оҳангарон” автомобиль йўли бўйидаги ушбу ариқ фермер хўжалиги ва маҳаллий аҳоли учун катта аҳамиятга эга, – дейди Чирчиқ – Оҳангарон ИТҲБ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алижон Зокиров. – Агар ариқ тўла бетонлаштирилса, сувнинг маълум миқдори тежаб қолинади. Бугун ариқнинг қарийб 200 метр қисми бетонлаштирилди. Унда 100 нафар сувчи ва фермер хўжалиги ходимлари фаоллик кўрсатмоқда.
Ҳудудларда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Айниқса, сув тежовчи технологияларни жорий қилишда давлат томонидан берилган имтиёзлар, бажарилган агротехник тадбирлар, суғориш меъёрини назоратга олиш туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил олинмоқда.
Масалан, Оҳангарон туманидаги “Оҳангарон боғи жаннат” фермер хўжалиги жорий йилда 10 гектар майдонда томчилатиб суғориш асосида пиёз етиштирди. Натижа, кутилгандан ҳам яхши бўлди. Бу ҳақда сув тежовчи технологияларга бағишланган амалий семинарда ҳам таъкидланди. Унда соҳа мутахассислари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. Тадбирда сув тежовчи технологияларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Ҳозирда тумандаги экин майдонларининг салкам 1 минг 900 гектарида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлиб, шундан, 800 гектари томчилатиб, 940 гектари ёмғирлатиб ҳамда 160 гектари дискрет усулда суғорилмоқда. Амалий семинарда “Оҳангарон боғи жаннат” фермер хўжалиги мисолида сув тежовчи технологияларнинг қулай имкониятлари ҳамда “Аgrosubsidiya.uz” платформасининг ишлаш жараёнлари тўғрисида маълумот берилди.
А.Мусаев, ЎзА.