Сувдан фойдаланишда тежамкорлик зарур
Қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи, ер майдонлари, экилган экин турлари, ундан олинадиган ҳосил бевосита сув ресурсларига боғлиқ. Сувсиз ва ёмғир сувларисиз, қишлоқ хўжалиги тизимини тасаввур этиш қийин.
Сирдарёда фойдаланишда бўлган, аммо ортиқча сув ресурсларининг исрофгарчилигига сабаб бўлаётган тупроқ ўзанли канал, ички суғориш тармоқларини таъмирлаш, реконструкция қилиш, энг асосийси, бетонлаштириш борасида кенг миқёсли ишлар бошлаб юборилди. Ўтган йилнинг декабрь, жорий йилнинг январь, февраль, март ойларида узунлиги 2245,6 километр бўлган тупроқ ўзанли ички суғориш тармоқларининг 900 километрида бетонлаштириш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилиб, ҳозир 162 километри бетонлаштирилган.


Бу борадаги ишлар Сирдарёда жадал суръатларда амалга оширилиб, унга Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимидаги ирригатор ва мелиораторлар, фермер хўжаликлари, кластер ишчи хизматчилари, техника воситалари жалб этилди.
–Тизимдаги ирригация объектлари, 1 та йилдан йилга ўтувчи, 8 та янги ирригация объекти, унга қарашли 102,3 километрли каналларда қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан тасдиқланган давлат дастурига мувофиқ, каналларни қуриш ва реконструкция қилиш, яъни бетонлаштириш учун давлат бюджетидан 114,8 миллиард сўм маблағ ажратилди, – дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Шавкат Исроилов. – Айни вақтда янгидан бошланувчи 4 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосаси олинган бўлса, қолган 4 та объектда лойиҳа-смета ишлари амалга оширилмоқда. Энг асосийси, дастур доирасидаги ишни бажариш, уни белгиланган муддатларда амалга ошириш учун барча дастурдаги объектларда сув тўхтатилиб, пудратчи ташкилотларга ишни бошлаш учун шароит яратиб берилди.

Мисол учун айтганда, лойиҳа қиймати 12,2 миллиард сўм бўлган, Сирдарё туманидаги “Малик” ирригация тизимига қарашли "ПК82+00" дан "ПК232+00" гача қисмини реконструкция қилиш ишлари пудратчи ташкилот “Шоҳрух-Демирбек” масъулияти чекланган жамият томонидан бошланган бўлиб, шу бугунги кун ҳолатига пудратчи ташкилот томонидан 450 метр бетонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Қолаверса, лойиҳа қиймати 16 миллиард сўм бўлган, Боёвут, Гулистон, Сайхунобод ва Мирзаобод туманларидаги суғориш тармоқларининг 16 километрида реконструкция ишлари амалга оширилиши кўзда тутилиб, шундан 940 метрида пудратчи ташкилот “Сув омбор қурилиш” масъулияти чекланган жамият томонидан бетонлаштириш ишлари, Сардоба сув омбори бузилиши натижасида зарар кўрган Мирзаобод туманидаги 21 километрли суғориш тармоқларида 14,3 миллиард сўмлик реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Энг муҳими, бу борадаги ишларнинг бажарилиши натижасида йилига 85 миллион куб.метр сув иқтисод қилиниб, қарийб 24 минг гектардан ошиқ қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланишига, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар камайишига, сизот сувлар сатҳи ер юзасига яқин жойлашган майдонлар қисқаришига, мелиоратив ҳолати ёмон бўлган ер майдонларининг ҳолатини барқарор сақлашга эришилади.
Шу билан бирга, бетонлаштирилган каналлар ҳисобига катта миқдордаги сув ресурслари иқтисод қилиниб қолмай, каттагина маблағ, сув ресурслари тежаб қолинади. Бу борадаги ишларни белгиланган муддатларда тугатиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш, ирригация тармоқларида олиб борилаётган таъмирлаш ва тиклаш ишларини ниҳоясига етказиш борасида муҳим қадамлар ташланди.


Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири