Сувда яширинган тарих
Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар асрлар давомида нафақат турмуш тарзида, балки тилда ҳам ўз аксини топиб келган. Айниқса, сув билан боғлиқ географик номларда инсонларнинг табиатни кузатиши, унга муносабати, яшаш тарзи, касб-кори, тарихий хотираси ва ҳатто дунёқараши мужассам бўлади.
Сув ҳаёт манбаигина эмас, балки цивилизациялар бешиги, тарихнинг энг содиқ гувоҳидир. Инсоният қадимдан обиҳаёт атрофига интилган, дарё ва сойлар бўйида шаҳарлар, маданиятлар барпо этган. Шу боис ҳам ҳар бир сув ҳавзасига берилган ном — гидронимлар шунчаки географик атама эмас, балки ўша ҳудудда яшаган аждодларимизнинг тили, маданияти, дунёқараши ва тарихи муҳрланган жонли солномадир.
Сервиқор Тяньшан тоғларидан бошланиб, кенг водийларга туташган Тошкент вилояти ҳудуди бу борада бой ва бетакрор хазинага эга. Чирчиқ ва Оҳангарон каби йирик дарёлардан тортиб, тоғ бағридаги кичик сойлару воҳадаги қадимий каналларгача бўлган ҳар бир сув номи воҳанинг асрлар давомида босиб ўтган тарихий йўлидан ҳикоя қилади. Шу маънода, дарё, сой, булоқ, шаршара ва кўлларнинг номлари шунчаки харитадаги шартли белгилар эмас. Улар муайян ҳудуднинг ўтмиши ҳақида сўзлайдиган ўзига хос тарихий манба, халқ тилининг тирик намунаси, табиий муҳитнинг бадиий-тавсифий ифодаси ҳисобланади.
Айрим номлар сувнинг оқиш хусусиятини ифодаласа, бошқалари ўша жойда ўсган дарахт ёки ўсимлик, яшаган ҳайвон, табиий ҳодиса, қадимий касб-кор ёхуд халқ орасида авлоддан-авлодга ўтиб келган ривоят билан боғлиқ. Шу боис ҳудудда гидронимларни ўрганиш, уларнинг келиб чиқиши ва мазмун-моҳиятини аниқлаш, давлат тили қоидалари асосида тартибга солиш бугунги кунда ҳам илмий, ҳам амалий, ҳам маънавий жиҳатдан долзарб вазифадир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ҳамда Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича республика комиссияси топшириқлари ижроси доирасида Тошкент вилоятида географик номларни хатловдан ўтказиш ва уларнинг топонимик хусусиятларини ўрганиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тадқиқотлар жараёнида ҳудуддаги ўнлаб гидронимларнинг этимологияси, яъни номларнинг келиб чиқиши, мазмуни ва шаклланиш омиллари ўрганилди.
Бундай тадқиқотларнинг аҳамияти шундаки, вақт ўтиши билан айрим географик номларнинг асл маъноси унутилиши, талаффузи ўзгариши ёки турли ёзув шаклларида қўлланилиши мумкин. Натижада номнинг ўзи сақланиб қолгани ҳолда, унинг замиридаги тарихий мазмун аста-секин йўқолиб боради.
Тошкент вилояти гидронимларининг муҳим бир қисми сувнинг табиий хусусиятларини ўзида акс эттиради. Масалан, Оҳангарон тумани Қурама тоғ тизмаси ҳудудидаги “Гулдирама” ва “Тут” МФЙдан оқиб ўтувчи “Шоввозсой” каби номлар сувнинг шовқин-сурони, гулдураб оқиши билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Тоғлардан шиддат билан тушаётган сувнинг овози маҳаллий аҳоли тасаввурида муайян образ пайдо қилган ва бу образ кейинчалик географик номга айланган.
Каттаохур Чотқол тоғ тизмасида Эртош қишлоғининг юқори қисмидаги “Каттаоқар” ва “Оқсув” номларида эса сувнинг ташқи кўриниши акс этади. Сувнинг кўпириб, оқиш тусда кўриниши уни шундай номлашга сабаб бўлган. “Четсув” МФЙдаги “Оқтошсой” ҳам номи табиий муҳит билан бевосита боғлиқ. Сой ўзани ва унинг атрофида оқ рангли тошларнинг кўплиги номнинг шаклланишига асос бўлган. Олис “Қизилой” маҳалласидан ўқувчи “Совуқбулоқ” эса сувнинг ҳароратига ишора қилади. Йилнинг турли фаслларида ҳам муздек бўлиб турадиган булоқ аҳоли учун табиий белгигина эмас, балки жойнинг ўзига хос хусусияти сифатида номда муҳрланиб қолган.

Бундан ташқари, “Қуруқ” ва “Қурсой” каби номларда эса сув манбасининг мавсумий хусусияти намоён бўлади. Баҳор ва ёғингарчилик мавсумида сувга тўладиган, ёзнинг иссиқ кунларида эса қуриб қоладиган сойлар ўз хусусиятини номида сақлаб қолган. Бу ҳолат халқ тилининг табиатни қанчалик муҳим кузатганини кўрсатади.
Тошкент вилояти тоғолди ва тоғли ҳудудларидаги биологик хилма-хиллик ҳам гидронимлар таркибида акс этган. Жумладан, Эртош қишлоғидаги “Пистали”, “Теракли”, “Толлисой” каби сойлар номлари ҳам муайян дарахт ва ўсимликларнинг шу ҳудудда кўп тарқалганидан далолат беради. Табиатда кўзга ташланадиган ўсимлик номининг сой ёки булоққа кўчиши — халқнинг ўз атроф-муҳитини номлашда ундан табиий белги сифатида фойдаланганини кўрсатади. “Четанди” сойи атрофида четан дарахтларининг кўп учраши билан боғлиқ бўлса, Овжазсой маҳалласидаги “Қорақуш” сойнинг номи унинг юқори қисмидаги тик қояларда қорақушларнинг макон қургани билан изоҳланади.
Айрим ҳолларда гидронимлар нафақат табиатдаги мавжудликни қайд этади, балки ўша ҳудуднинг илгариги ландшафти ҳақида ҳам тасаввур уйғотади. Шу нуқтаи назардан қараганда, гидронимлар — маълум даражада табиий муҳитнинг тарихий “архиви” дейиш ҳам мумкин.
Тошкент вилояти гидронимиясида туркий тиллар билан бир қаторда қўшни халқлар тиллари ва маҳаллий шевалар таъсири ҳам сезилади. Айниқса, Бўстонлиқ туманидаги айрим географик номлар қадимий туркий, қирғиз, қозоқ ва тожик тиллари элементларини ўзида сақлаб қолган. Масалан, Ойгаинг дарёси, Майдонтол дарёси, Белдорсой, Бақироқсой, Бештор, Новалисой, Сўқоқ, Тошкескан каби сой номлари ана шу кўп қатламли тил муҳитининг намуналаридир. Бу номларни ўрганиш орқали бир ҳудуднинг нафақат географияси, балки унинг асрлар давомидаги этник ва тил муҳити ҳақида ҳам тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Бугун географик номларни тартибга солиш масаласи фақат имло ёки, ҳужжатлардаги бир хил ёзилиш масаласи эмас. Глобаллашув, аҳоли пунктларининг кенгайиши, янги инфратузилма объектларининг барпо этилиши, рақамли хариталар ва электрон маълумотлар базаларининг кенг қўлланилиши шароитида географик номларнинг аниқ ва ягона шаклда юритилиши тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, маҳаллий аҳоли оғзаки нутқида асрлар давомида яшаб келган қадимий номларнинг асл мазмуни ва тўғри ёзилишини аниқлаш муҳим. Чунки ном ўзгарса, баъзан у билан боғлиқ хотира ҳам узилади. Номнинг шакли бузилса, унинг этимологияси ва тарихий маъносини англаш қийинлашади. Шу сабабли гидронимларни давлат тили қоидалари ва меъёрларига мувофиқлаштириш жараёнида уларнинг тарихий асоси, маҳаллий аҳоли хотираси, илмий манбалар ва топонимик тадқиқотлар натижаларини биргаликда ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
А.Мусаев, ЎзА