Сувда чўкиш ва ёнғинларнинг асосий сабаблари нимада?
АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ёз мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, ёнғинлар, аттракционлар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Даврон Қамбаровнинг маълум қилишича, чўмилиш ҳавзаларида хавфсизлик қоидалари бўйича 1000дан ортиқ огоҳлантирувчи шартли белгилар ўрнатилиб, 32 та кузатув минораси ташкил қилинган. Сувда чўкиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келувчи сабаблар асосан фуқароларнинг рухсат этилмаган сув ҳавзаларида чўмилишлари ёки эҳтиётсизлик оқибатида сувга тушиб кетишлари билан боғлиқдир.
Ёнғинларнинг олдини олиш борасида ўтган тўрт ой давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги давлат ёнғин назорати органлари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик ишлар натижасида республикамизда 6 минг 197 та бино ва иншоотларда ёнғин келиб чиқиш хавфининг олди олинган. Содир бўлган ёнғинларни ўчириш вақтидаги тезкор ҳаракатлар натижасида 14 нафар инсон қутқарилган, 37 бош уй ҳайвони, 25 хил техника, 154 миллиард сўмдан зиёд бино ва иншоотлар қурилмалари ва 38 миллиард сўмдан ортиқ моддий бойликлар сақлаб қолинган.

Ёнғинларнинг 35,5 фоизи электр ускуналарининг бузилиши, 23,3 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик бўлиш сабабли, 22,8 фоизи иситиш печларининг носозлиги ёки улардан нотўғри қўлланишда, 7,2 фоизи болаларнинг шўхлиги ва 3,7 фоизи транспорт воситаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида содир бўлган.
Ёнғин келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда аҳоли яшаш жойларидаги ёнғинлар маиший кондиционер ва музлаткичлардан ҳамда тозаланмаган қуруқ ўтларнинг ёнишидан келиб чиқаётгани маълум бўлмоқда.
М.Комилова, ЎзА