Сувчилар “Яшил макон” лойиҳасида фаол қатнашмоқда
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсуми Сирдарё воҳасида ҳам авж паллага кирди.
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг барча тизимларида кўчат экиш ишларига киришилди. Сирдарёлик сувчилар бошқарма тизимларига қарашли каналлар, зовурлар бўйларига, уларнинг муҳофаза майдонларига манзарали ва мевали дарахт кўчатларини ўтқазмоқда.

– Сувчиларимиз кунига белгиланган жойларга 18-20 минг дона ниҳол экиб, кўчат экиш ишларини бир зум ҳам сусайтиргани йўқ. Баҳорги мавсум бошланган кундан шу пайтгача 160 мингдан зиёд манзарали ва мевали кўчат ўтқазилди. Кўчат экиш ишларида Мирзаобод, Сайхунобод, Ховос тумани сувчилари пешқадамлик қилмоқда. Апрель ойининг 10 санасига қадар белгиланган режа асосида экиш ишларини якунлашни мақсад қилганмиз, – дейди Қуйи Сирдарё ИТҲБ бошлиғи ўринбосари Обиджон Аҳмадқулов. Кўчатларни муҳофаза қилиб, унинг тўлиқ ўсиб кетиши учун жойлардаги маҳаллаларнинг кўнгилли ёшлари бириктирилмоқда.

– Маҳалламиз ҳудудидан ўтган “Шўрўзак” каналининг бетонлаштирилиши, унинг бўйларига манзарали кўчатларнинг ўтқазилиши келгусида маҳалламизнинг янада обод ва хушманзара ҳудудга айланишига замин яратади, – дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор Бердимурод Алимқулов. – Яна бир муҳим жиҳати, сувчиларнинг кўчат экиш ишларидаги фаоллиги маҳалла ёшларига ҳам ибрат бўлиб хизмат қилмоқда.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири