Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида экин ерларни суғориш тизими ўзига хос жиҳатларга эга. Бунда сувни етказиб келиш йўллари – ариқ ва каналлар сифати муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда тобора долзарблашиб бораётган сув тақчиллиги муаммосини бартараф қилишда эса нафақат сув йўллари, балки сув тежовчи технологиялар ва инновацион қурилмаларни жадал жорий қилиш талаб этилмоқда.
Фарғона вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, туманлар ирригация бўлимлари қошида 17 та сув хўжалигининг махсус хизмати ташкил этилган. Шунингдек, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳисобини юритишда «Smart Water» («Ақлли сув»), сув сатҳини онлайн аниқлашга кўмаклашувчи “Dayver” қурилмаларини ўрнатиш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

– Сув ўлчаш иншоотларида сув сарфини онлайн тарзда кузатиш мақсадида ўтган 3 йил давомида 1 минг 571 та “Ақлли сув” қурилмаси, мелиоратив қудуқлардаги сув сатҳини онлайн тарзда аниқлаш учун 373 та “Дайвер” қурилмаси, 168 та насос агрегатида сув миқдорини онлайн ҳисоблаш қурилмаси ўрнатилди, – дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Фахриддин Турсунов. – Жорий йилда кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари ихтиёридаги 1 минг 470 километрдан ортиқ ички ариқларни бетонлаштириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди. Бу бир мавсумнинг ўзида 114 миллион метр куб миқдорида сувни тежаш, экинларни суғориш билан боғлиқ иш жараёнларини тезлаштиришда яхши самара беради. “Бир канал бир тизим” тамойили асосида ердан фойдаланувчиларнинг тўлиқ томчилатиб ва ёмғирлатиб, шунингдек, дискрет усулида суғоришга ўтиши, босқичма-босқич очиқ сув каналларидан воз кечиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Мисол учун, Қўштепа тумани ҳудудидаги “Глобал текстил” пахта тўқимачилик кластери томонидан 326 гектар экин ер майдонлари тўлиқ бир ердан туриб бошқариладиган томчилатиб суғориш тизимига ўтказилди.

Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун керакли бўлган сув манбалари қўшни республикалардан оқиб келувчи Норин, Исфайрам, Шоҳимардон, Сўх ва Исфара дарёларига боғлиқ. Асосий эҳтиёж Норин дарёси, Катта Фарғона ва Катта Андижон магистрал каналлари орқали қондирилади. Тоғ музликларининг йилдан-йилга камайиб бориши эса кичик сойлардаги сув захираларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу сувнинг ҳар томчисидан самарали ва мақсадли фойдаланишни талаб этади. Вилоятда кластерлар ва фермерлар ҳисобидаги 16 минг 195 километр ички суғориш тармоқларининг 14 минг 263 километр қисми (88%) тупроқ ўзандан иборат, асосий сувнинг каналларда йўқолиши шу ҳудудларда кузатилади.
Айни кунларда барча туманларда ички ариқларни бетонлаштириш, томчилатиб суғориш учун қурилмаларни ўрнатиш ишлари кетмоқда. Риштон туманидаги “Қодир Содиқ” фермер хўжалиги ташаббуси билан бир километрдан ортиқ ички ариқлар бетонлаштирилди. Хўжалик ерларига сув етиб келгунча масофа 4 километрни ташкил қилади. Бу ариқларни бегона ўт босиб, сув оқимига салбий таъсир кўрсатган, вақти-вақти билан уни тозалаш, ковлаш ишлари ортиқча вақт ва меҳнат талаб қилган. Меъёридан ортиқ сув эса ариқ қирғоқларини бузиб, сувнинг беҳуда оқиб кетишига сабаб бўлган. Эндиликда эса сув сарфини аниқлаш ҳам, сувнинг ерлар бошига етиб келиш вақти ҳам ижобий томонга ўзгарди. Илгари 1-1,5 соатда етиб келадиган сув 20 дақиқада ер бошига олиб келиняпти. Орадаги сув йўқолиш коэффициенти ҳам сезиларли камайди.

– Туманимиздаги 24 минг 501 гектар ерни суғориш учун учта манбадан фойдаланамиз. Сўх дарёсидан 10 минг 800 гектар, Катта Фарғона канали сувидан 9,5 минг гектар ва Катта Андижон канали сувидан 5 минг 200 гектар ер суғорилади. Тежамкор технологияларни жорий қилиш, сув йўлларини бетонлаштириш, умуман, сувни тежаш бўйича тизимли иш олиб боряпмиз, – дейди Риштон туман ирригация бўлими бошлиғи Воситжон Каримов. – Жорий йилда 83,6 километр масофадаги ариқларни бетонлаштириш, барча сув тақсимлаш нуқталарига босқичма-босқич замонавий сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатишни режалаштирганмиз.
Вилоят бўйича шу кунга қадар 120 минг гектар экин майдонларида замонавий сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Бу умумий экин майдонларининг 40 фоизини ташкил этади. Натижада биргина пахта майдонларига сарфланган сув ва бошқа ресурслар миқдори 40-50 фоиз тежалди, ҳосилдорлик 15-20 центнергача ошди. Ишлаб чиқаришда инновацион лойиҳаларни қўллаш, аввало, сув танқислигининг олдини олса, иккинчидан, минерал ўғит, механизация хизматлари, ёқилғи билан боғлиқ харажатларни камайтириш имкониятини бермоқда.
–Президентимизнинг қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видоселектор йиғилишида айтган фикр-мулоҳазалари бу йўналишда биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Шоҳруҳ Мирзаев. – Соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш борасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар сув ресурсларини тежаш, ундан самарали фойдаланиш кўламини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу борада Жаҳон банки ҳамкорлигидаги “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шунингдек, йирик гидротехник иншоотларнинг автоматлаштирилиши натижасида масофадан турган ҳолда тезкор бошқарилишига эришилади ҳамда сувнинг техник йўқотилиши 10 фоизгача камайтирилади.
Маъсуджон Сулаймонов,
ЎзА мухбири