Сув тежамкорлиги давр талаби (+видео)
“Сув текин эмас” тушунчасини аҳоли онгига чуқур сингдириш ва буни кундалик турмуш қоидасига айлантириш барчамизнинг асосий вазифамиз бўлиши лозим. Сув хўжалиги вазирлигининг Ахборот-таҳлил ва ресурс марказида ўтказилган матбуот анжумани ушбу сўзлар билан бошланди.
Президентимизнинг жорий йил 5 январда қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сувни иқтисод қилиш бўйича қатор вазифалар белгиланган бўлиб, анжуман аввалида соҳа мутахассислари мазкур ҳужжат мазмун –моҳиятига тўхталиб ўтдилар.
Анжуманда Тошкент вилояти мисолида канал ва ариқларни бетонлаштириш, сувдан самарали фойдаланишда сув тежовчи технологияларнинг ўрни ва аҳамияти хусусида маълумотлар берилди.
Таъкидландики, жорий йилда пойтахт вилоятида 1300 км узунликдаги канал ва ариқларни бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кун ҳолатига кўра 663 км қисмига бетон қопламаси ётқизилди.
Анжуман давомида каналларни бетонлаштириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам кенг маълумот берилди. Жумладан, “Каналларни бетонлаш бўйича долзарб йил”да вегетация даврига қадар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган 554,5 км каналларни реконструкция қилиш ишлари бошланган. Объектларга 700 та қурилиш техникалари ва механизмлар ҳамда 1900 нафардан ортиқ ишчи-қурувчилар жалб қилиниб, 155 километрдан зиёд каналда ер ишлари, 65 км каналда бетон ишлари бажарилди.
Бугунги кунда вилоят бўйича сув тежовчи технологиялар қўлланилган экин майдонлари 94 минг гектарни ташкил этади. Бу йил яна 43 минг 300 гектарда ана шундай технологияларни жорий этиш режалаштирилган.
Шунингдек, барча ҳудудларда ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш тадбирлари ҳам олиб борилмоқда. Ўтган 2023 йилнинг кузидан буён кластер ва фермер хўжаликлари маблағлари ҳисобидан салкам 6 минг км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилган.
- Бир ўсимликни эккандан токи уни йиғиштириб олгунча кетадиган маҳсулотни у ўғит бўладими, техника бўладими, техникага кетадиган ёқилғи-мойлаш материалларими деҳқонлардан сўраганимизда аниқ жавобини айта билади. Лекин шу ўринда: “Ҳосилни олишгача қанча сув сарфлайсиз?” - деган саволга аниқ жавоб ололмаймиз, - дейди Чирчиқ-Оҳангарон Ирригация тармоқлари ҳавза бошқармаси бош мутахассиси Туроп Қаюмов. - “Сув текин экан”, деган тушунча сақланиб қоляпти. Сувга бўлган муносабатни ўзгартирмасак, ҳосилдорликни ошириш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Қарорга биноан, сув хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб беришда “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилгани айтиб ўтилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Bag9cRr3Bxs" title="Suv tejamkorligi davr talabi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланди. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан Давлат бюджетига тушган тушумнинг 40 фоизи Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг балансидаги объектларни сақлаш ва техник ҳолатини яхшилаш ҳаражатларига йўналтирилади.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА