Сув — тақдир демакдир: Марказий Осиёнинг ҳаёт ва мамот чизиғи
Инсоният тарихида сув шунчаки табиий ресурс эмас, балки давлатларни юксалтирувчи ва тамаддунларни гуллатувчи илоҳий бир қудрат рамзи бўлиб келган. Аждодларимиз "Сув келтирган азиз" деганда нафақат жисмоний меҳнатни, балки ҳаёт манбаига бўлган юксак эҳтиром ва масъулиятни назарда тутганлар.
Бироқ бугун глобал иқлим инқирози ва Марказий Осиёдаги сув тақчиллиги муаммоси бизни ўта нозик ва таҳликали паллага олиб келди. Қозоғистон заминида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг саммитида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган концептуал ғоялар шунчаки экологик чоралар тўплами эмас, балки минтақамизнинг келгуси асрлардаги яшаб қолиш формуласи ва янги минтақавий интеграция манифестидир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, 2040 йилга бориб сув тақчиллиги йилига 20 миллиард куб метрни ташкил этиши мумкинлиги — бу шунчаки экспертларнинг башорати эмас, балки бутун бошли дарёларнинг қуриши ва миллионлаб инсонлар тақдирининг сўроқ остида қолиши демакдир.
Бугунги куннинг аччиқ ҳақиқати шундаки, минтақамиз сув ресурсларидан фойдаланиш борасида дунёдаги энг самарасиз нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Қишлоқ хўжалигида яратилаётган ҳар бир долларлик қўшилган қиймат учун сарфланаётган сув миқдори жаҳон кўрсаткичларидан икки баробар кўплиги — бу бизнинг келажак авлод ризқига бўлган муносабатимизнинг аксидир.
Ўзбекистон бу борада нафақат ташаббускор, балки тизимли ислоҳотлар драйвери сифатида майдонга чиқиб, амалий натижадорликни исботламоқда. Суғориладиган ерларнинг 60 фоизида тежамкор технологияларнинг жорий этилиши ва йиллик 10 миллиард куб метр сувнинг иқтисод қилиниши — бу назариядан амалиётга ўтишнинг энг ёрқин намунасидир. Келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтади. Бу минтақавий ҳамкорликни бюрократик тузилмадан стратегик интеграция платформасига айлантириш учун тарихий имкониятдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган олтита устувор йўналиш Жамғарманинг янгиланиш даврини бошлаб беради. Жамғарманинг ҳуқуқий базасини модернизация қилиш, Қирғизистоннинг тўлақонли иштирокини тиклаш ва лойиҳаларни рақамли индикаторлар (KPI) асосида баҳолаш тизимини жорий этиш — буларнинг барчаси шаффофлик ва натижадорликка қаратилган.
Энг муҳими, БМТнинг Оролбўйи траст фонди мандатини бутун ҳавзага кенгайтириш ва Тошкентдаги Яшил университет қошидаги илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали сув муаммосига илм ва инновациялар билан ечим топиш даври бошланмоқда. Айниқса, Афғонистонни сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш ташаббуси Ўзбекистоннинг геосиёсий масъулияти ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсатининг мевасидир. Бу нафақат Амударё ҳавзасидаги адолатли мувозанатни таъминлайди, балки минтақавий хавфсизликнинг янги, мустаҳкам кафолатини яратади.
Бироқ, ҳар қандай юксак технология ёки халқаро шартнома агар жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг сувга бўлган муносабати ўзгармас экан, кутилган натижани бермайди. Президент томонидан илгари сурилган "Келажак суви" дастури ва сувдан оқилона фойдаланишни бизнинг "умумий маданий кодимиз"га айлантириш ғояси — бу маънавий инқилобдир.
Болалар боғчасидан бошлаб фарзандларимиз сувнинг ҳар бир томчисини Ватанни севгандай авайлашни ўрганиши лозим. 2026-2036 йилларни "Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги" деб эълон қилиш ташаббуси эса Ўзбекистоннинг бу муқаддас курашда нақадар қатъий эканини тасдиқлайди. Биз сув муаммосини шунчаки муаммо эмас, балки минтақа давлатларини бирлаштирувчи, янги инновацион иқтисодиётга ундовчи имконият сифатида кўришимиз керак.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, сув — бу тақдир демакдир. Бугунги қарорларимиз, тежалган ҳар бир томчи оби ҳаёт эртага фарзандларимизнинг чанқоғини қондиради, далаларимизнинг яшиллигини ва тинчлигимизни таъминлайди. Самарқандда ўтадиган Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми инсониятнинг табиат билан қайта ярашиш маконига айланади.
Президентимизнинг ушбу даъвати — бугунги ва эртанги авлодлар олдидаги қарзимиз ва масъулиятимиздир. Зотан, оби ҳаётни асраш — Ватанни асраш, тамаддунни сақлаб қолиш демакдир. Марказий Осиё фақат бирлашган ҳолда, сувга бўлган эҳтиромни эътиқод даражасига кўтарган ҳолдагина Орол фожиасини енгиб ўтиб, келажакни яшил ва фаровон воҳага айлантира олади.
Алоуддин Ғаффоров,
ЎзА