Сув таъминоти янада яхшиланди
Қарши шаҳрида оқар сув таъминотини янада яхшилаш мақсадида Янгибоғ насос станцияси ҳамда Айрум-1 каналида олиб борилган реконструкция ишлари якунланди.
Қарши шаҳрида оқар сув таъминотини янада яхшилаш мақсадида Янгибоғ насос станцияси ҳамда Айрум-1 каналида олиб борилган реконструкция ишлари якунланди.Лойиҳани амалга ошириш доирасида насос станцияси биноси тўлиқ таъмирланди, янги насос агрегатлари ўрнатилди. Айрум каналининг 4,73 километр қисми реконструкция қилинди. 2,76 километр масофада янги Айрум-1 канали қурилиб, ўн тўққизта гидротехник иншоот барпо этилди.
Қарши бош каналидан сув оладиган М-3 канали чап қирғоғида жойлашган Янгибоғ насос станциясидан 1999 йилдан буён фойдаланиб келинмоқда. Мазкур станциянинг сув чиқариш қуввати секундига 1,5 метр куб. Шаҳарда аҳоли сонининг ўсиши, суғориладиган майдонлар кенгайиши натижасида кейинги йилларда вилоят марказининг оқар сувга бўлган талабини қондиришда муаммолар юзага келаётган эди.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши билан ушбу муаммо ҳам ўз-ўзидан бартараф этилди. Қарши шаҳри маркази, истироҳат боғи, Араловул, Хонтепа ва Мағзон маҳаллалари, шаҳарга яқин жойлашган 250 гектар ер ва 900 гектар аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш янада яхшиланди.
Иншоотларнинг очилишига бағишланган тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.