Сув таъминоти: амалиёт, тажриба ва самара
“Андижон вилояти сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Aндижон вилоятида аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш жараёни ҳамда ичимлик суви нархининг оширилиши асослари” мавзусида пресс-тур ўтказилди.
Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари матбуот хизматлари раҳбарлари, блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари Хонобод шаҳридаги “Кампирровот” сув тозалаш иншоотида бўлди. Уларга сув тозалаш иншооти раҳбари Абдумажид Мамасидиқов иншоот фаолияти, бу ердаги жараёнлар ҳақида батафсил маълумот берди.
– "Кампирровот" сув омборидан келиб тушган сув дастлаб иншоотнинг сувни тозалаш тизимидаги мавжуд 14 та ҳовузда тозаланади, – дейди А. Мамасидиқов. – Яъни сув майда, ўрта ва йирик тозалаш ҳамда махсус мосламалардан ўтказилиб, тиндирилади.
[gallery-14088]
Тадбир иштирокчилари иншоотда босқичма-босқич амалга ошириладиган жараёнларни бевосита кузатди. Яъни тозаланган сув катта ҳажмдаги сув сақланадиган резервуарларга ўтказилиб, суюқ хлор ёрдамида зарарсизлантирилади. Мутахассислар томонидан зарарсизлантирилган сув кимёвий лаборатория бўлими ходимлари томонидан ҳар соатда таҳлилдан ўтказиб борилиши, белгиланган параметрлар бўйича текширувдан ўтказилган сув тоза ичимлик суви сифатида Хонобод, Қорасув, Андижон шаҳарлари, шунингдек, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Асака туманларига етказиб берилиши айтиб ўтилди.
Иншоотда бир кеча кундузда икки юз минг куб сув тиндирилиб, тозаланиб, зарарсизлантирилиб, истеъмолга яроқли ҳолатга келтирилади ва аҳолига етказиб берилади. Шунингдек, пресс-тур давомида мутахассислар иштирокчиларга аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш харажатларининг ортиб бораётгани, ичимлик суви учун тўловнинг оширилиши сабабларини тушунтириб берди. Маълумот ўрнида, Андижон вилоятида жорий йилнинг 5 октябридан ичимлик суви учун тўлов нархи икки баробарга оширилиб, 1 тонна ичимлик сувнинг нархи 1 минг 500 сўм этиб белгиланди. Шунга қадар вилоятда 1 тонна ичимлик суви учун тўлов нархи 750 сўм бўлган.
Пресс-тур давомида иштирокчилар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА